Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БАА тиббий бозорида монополия тугатилди
20:23 / 2026-02-24

Бирлашган Араб Амирликлари Дори воситалари муассасаси мамлакатда сотиладиган ҳар қандай тиббий маҳсулот учун фармацевтика компаниялари бир эмас, бир неча ваколатли ходим тайинлаш шартини жорий этди. Ушбу янги тартиб 2024 йил қабул қилинган тиббий маҳсулотлар тўғрисидаги федерал қонунга асосланади ва дори таъминотидаги якка ҳокимликка чек қўйишни назарда тутади. Бу ҳақда ҳамкоримиз WAM ёзган.

Қарордан кўзланган асосий мақсад — таъминот узилишининг олдини олиш, фавқулодда ҳолатда бозор барқарорлигини сақлаш ва беморлар учун дори-дармон узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш. Шунингдек, мазкур механизм тарқатиш тармоғини такомиллаштиради, логистика самарадорлигини оширади ва рақобат муҳитини кучайтиради.

Муассаса раиси Саид бин Муборак Ал-Ҳожарий бу қадам миллий фармацевтика тизимини мустаҳкамлаш, таъминот занжирини мустаҳкамлаш ва соғлиқни сақлаш хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу қоида инвестициявий жозибадорликни ошириб, мамлакатга глобал компанияларни жалб қилади.

Расмийлар таъкидлашича, илғор инфратузилма ва замонавий меъёрий база маҳаллий ҳамда инновацион дори ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Бу эса мамлакатнинг минтақавий ва халқаро фармацевтика маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Мусулмон Зиё, ЎзА