French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БАА сармоясининг фаоллиги ортмоқда
12:10 / 2026-02-03

Сўнгги йилларда Жиззах вилояти хорижий инвестициялар жалб этиш борасида жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) капитали иштирокидаги корхоналар сонининг изчил ўсиши ҳудуд иқтисодий салоҳияти ошиб бораётганидан далолат беради.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон бўйича 404 та БАА капитали иштирокидаги қўшма корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 6 таси Жиззах вилояти ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич мамлакатимиз инвестиция муҳитининг халқаро майдонда жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Жиззах вилоятида БАА сармояси иштирокидаги корхоналар, асосан, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларида фаолият юритмоқда. Улар замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, вилоятда халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари қамрови кенгайиб бормоқда. Хусусан, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада ошириш мақсадида 540 миллион АҚШ долларилик инвестиция дастурлари доирасида автомобил саноати, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишларда қурилиш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар, жумладан, қуёш фотоэлектр станциясини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу энергетика салоҳиятини ошириш билан бирга, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этишга хизмат қилмоқда.

Мутахассислар фикрига кўра, келгусида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар ҳисобига БАА сармояси иштирокидаги лойиҳалар сони янада ортиши кутилмоқда. Бу эса ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА