Ўзбекистон пойтахтида Парламентлараро Иттифоқ (ПИ)нинг 150-юбилей ассамблеяси бўлиб ўтмоқда.
Ассамблея доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Федерал Миллий кенгашининг Мудофаа, ички ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Али Рашид Ал Нуаймий билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар яқинда амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунлари, шу жумладан, 2025 йил январь ойида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги битимни ҳамда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича келгусидаги қадамларни муҳокама қилди.
Шу нуқтаи назардан икки мамлакат ўртасида имзоланган “йўл хариталари” ҳамда меморандум доирасидаги келишув ва лойиҳалар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш таклиф этилди.
Тизимли ва барқарор икки мамлакат ҳамкорлиги учун асос бўладиган тегишли қўмиталар ва “Дўстлик гуруҳлари” фаолиятини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
***
Мўғулистон Буюк Давлат Хурали Раисининг ўринбосари Хурэлбаатар Булгантуя билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида парламентлараро дўстлик гуруҳи ишини фаоллаштириш ва 2025-2026 йилларга мўлжалланган парламентлараро ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш орқали Ўзбекистон ва Мўғулистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда келгусидаги режалар, шу жумладан, парламентлар раҳбарларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва халқаро парламент форумларида иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу икки мамлакатга умумий манфаатларини фаол илгари суриш имконини беради.

***
Бельгия Қироллиги Сенати Раиси Винсент Блондел билан суҳбат чоғида парламентлараро ҳамкорликнинг муҳим масалалари ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар истиқболдаги режалар, шу жумладан, “Ўзбекистон-Бельгия” дўстлик гуруҳи йиғилишини ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда парламентлараро ташкилотлар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Н.Абдураимова, ЎзА