Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БАА компанияси Ўзбекистон билан қўшма лойиҳалар амалга оширишдан манфаатдор
12:38 / 2024-10-15

Бирлашган Араб Амирликлари “MBS Global Investments” компанияси Ўзбекистонлик шериклари билан ҳамкорликда бир неча лойиҳа амалга оширишни режалаштирган. Ўзбек дипломатлари ва компания ижрочи директори Ажмал Шарафуддинов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда БААдаги элчимиз Абдулазиз Аққулов ҳамкорларни мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари, шунингдек хорижий сармоядорлар учун яратилган шарт-шароит билан таништирди.

Таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари, жумладан, маҳаллий ва импорт фармацевтика саноати ривожланиши ҳақида батафсил сўз юритилди. Шу билан бирга Ўзбекистондаги жорий инвестиция муҳити, сармоядорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликдаги ислоҳотлар, шунингдек 2030 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган дастур лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Хорижий корхона вакили “Julphar” компанияси билан ҳамкорликда фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш масаласига алоҳида қизиқиш билдирди. Биринчи босқичда Ҳиндистондан импорт қилинадиган камёб тиббий дори воситаларини кейинчалик бевосита юртимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши таъкидланди.

Амирлик томони республикадаги кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва инфратузилма лойиҳалар, жумладан Тошкент – Андижон йўналиши бўйича пулли автомобиль йўли қурилишига қизиқиш билдирди.

Музокара якунида “MBS Global Investments” масъулларининг лойиҳалар ва хусусийлаштириш дастури билан танишиш мақсадида ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи юзасидан келишувга эришилди.

Азиза Алимова, ЎзА