Бирлашган Араб Амирликларининг Мубадала ва ТАҚА компаниялари Талимаржон Иссиқлик электр станцияларига инвестиция киритиш мақсадида битимларни имзолади.
Тошкент шаҳрида шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда БАА томонидан энергетика ва инфратузилма вазири Сухейл ал-Мазруи ҳамда Мубадала ва ТАҚА компаниялари раҳбарлари, Ўзбекистон томонидан эса Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Энергетика вазирлиги, "Миллий электр тармоқлари" ва "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этди.

Имзоланган битимлар Талимаржон иссиқлик электр станциясини бошқарадиган қўшма корхона ташкил этишни назарда тутади. БАА компанияларининг инвестициялари қўшма корхонанинг 300 миллион долларлик устав капиталидаги 80 фоиз улуши учун тўлов ҳамда илгари "Талимаржон ИЕС" АЖ томонидан жалб қилинган тахминан 700 миллион долларлик кредитларни тўлашга йўналтириладиган маблағлардан иборат. Шундай қилиб, БАА компаниялари Талимаржон ИЕСга деярли 1 миллиард доллар сармоя киритмоқда.
Имзоланган битимлар БАА компаниялари учун Талимаржон ИЕС ва бошқа иссиқлик электр станцияларини электр энергияси ишлаб чиқаришнинг комбинациялашган циклининг энг замонавий буғ – газ қурилмалари билан жиҳозлаш орқали уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга қўшимча инвестициялар киритиш имкониятини беради. Ушбу қурилмалар табиий газдан фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги коэффициенти ва атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар даражаси бўйича анъанавий буғ электр станцияларидан бир неча баравар устундир. Шундай қилиб, эришилган келишувларни амалга ошириш Талимаржон ИЕСнинг технологик даражаси ва ишончлилигини сезиларли даражада оширади. Аҳоли, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларни барқарор ва сифатли электр токи билан таъминлайди.

Ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи доирасида БАА компаниялари "Талимаржон ИЕС" АЖда қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини яратишга инвестициялар киритади. Стратегик энергетика саноатига чет эл инвестицияларининг фаол жалб қилиниши йирик инфратузилма активларини ташқи қарз олиш йўли билан молиялаштиришнинг анъанавий ёндашувини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга ўзгартиришга имкон беради. Шу билан бирга, республика ташқи қарзи билан боғлиқ молиявий барқарорликни ва суверен кредит рейтингининг изчил яхшиланишини таъминлайди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Мубадала Абу-Даби ҳукуматига тегишли бўлган ва дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритаётган инвестиция компанияси ҳисобланади. Компаниянинг инвестиция портфели аэрокосмик, агробизнес, АКТ, металлга ишлов бериш, тоғ-кон саноати, коммунал хизматлар каби соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олади. Компаниянинг умумий активлари 250 миллиард доллардан ошади.
ТАҚА – бу Абу-Даби қимматли қоғозлар биржасида рўйхатга олинган халқаро энергия ва сув компанияси бўлиб, дунёнинг 11 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади. Компания активларининг умумий қиймати 80 миллиард доллардан ошади.
ЎзА