Бирлашган Араб Амирлиги (БАА) ҳукумати коинот технологияларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этди.
Ҳозирча ушбу жамғармага 815 миллион доллар атрофида маблағ ажратилди, деб маълум қилди БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Ол Наҳаён ижтимоий тармоқ орқали.
"Коинот соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун уч миллиард дирҳам ажратдик ва “Сирб” маркасидаги замонавий радиолокацияли йўлдошларни ишлаб чиқариш бўйича миллий дастурни ҳаётга жорий қилишни бошлаймиз. БАА экологик барқарор ривожланиш учун инновацион ечимларни қидириш ва ушбу ҳаётий муҳим соҳада ўзимизнинг миллий кадрларимизни тайёрлаш бўйича ишларни давом эттиради ", – дея таъкидлади президент.
2019 йил сентябрда Амирлик ўзининг биринчи фазогири Хаззаа ол-Мансурийни коинотга учирган эди.
2020 йил июлда БАА “Ал-Амал” сайёралараро станциясини Марс сайёрасига жўнатди. Бу йил Ойни тадқиқ қилиш учун ой модулини учиришни режалаштирмоқда.