Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БАА билан таълим соҳасида ҳамкорлик кўлами кенгаяди
18:44 / 2023-03-17

Айни кунларда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигидаги вазирлик делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб турибди.

Икки томонлама ҳамкорлик учрашувлари доирасида БАА Таълим вазири Доктор Аҳмад Белҳул Ал-Фаласи билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда томонлар  Ўзбекистон ва БАА таълим тизимларини ўрганиш ва ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ташкил этиш, мамлакатимизда хорижий тил сифатида араб тили ўқитиладиган мактаблар учун ўқув-методик мажмуаларни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, педагогларнинг малакасини ошириш, улар фаолиятини лицензиялаш бўйича тажриба алмашиш ҳамда мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш каби масалаларни муҳокама қилди.

Шунингдек, вазир БАА Президенти Девонининг таълим ва тадқиқотлар бўйича котиби ўринбосари Доктор Абдуллоҳ Муғробий билан учрашди. Унда СТEМ фанлари ҳамда араб тилини ўқитиш бўйича БААдан мутахассисларни жалб этиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш борасида сўз юритилди.

Музокаралар натижасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Девонининг таълим ва тадқиқотлар бўйича котибияти ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Вазир Ҳилола Умарова бошчилигидаги вазирлик делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Alef Education ташкилоти бош офисида ҳам бўлди. Ташкилот Бош директори Жефри Алонсо ва компания вакиллари билан учрашувда Alef рақамли таълим платформасини Ўзбекистонда маҳаллий шароитга мослаштирилган ҳолда жорий этиш,

катта ҳажмдаги маълумотлар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб, таълим бошқарувида энг оптимал қарор қабул қилиш бўйича Республикамиз ҳудудида тажриба-синов лойиҳасини ишга тушириш муҳокама қилинди. Форматив ва сумматив баҳолаш механизмини йўлга қўйиш каби йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ҳилола Умарова ҳамда Янги Ўзбекистон университети вакиллари Халифа фан ва технологиялар университети ижрочи вице-президенти Доктор Аҳмад Аш-Шоиби билан учрашди. Ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро илмий конференцияларни биргаликда ташкил қилиш, тажриба алмашиш дастурини жорий этишга келишиб олинди.

ЎзА