БАА Араб дунёсида биринчи бўлиб атом станциясини ишга туширди
Барака АЭС жами 5,6 мегаватт қувватга эга тўртта энергия блокидан иборат бўлади.
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ва Дубай ҳокими Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум шанба куни Араб дунёсидаги илк атом станцияси - «Барака» фаолият юрита бошлаганини эълон қилди.
"Бугун БААнинг яна бир ютуғи - Абу-Даби шаҳридаги “Barakah” станциясида Араб дунёсининг дастлабки атом реактори ишга тушганини оммага маълум қиламиз. Мутахассислар ядро ёнилғисини юклаш, комплекс синовлар ўтказиш ва ишга тушириш операциясини муваффақиятли якунлашга эришдилар", — деб ёзган ҳукумат бошлиғи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Хабарда таъкидланишича, БАА яна «мамлакат эҳтиёжининг чорак қисмини хавфсиз, ишончли ва экологик жиҳатдан тоза электр энергияси билан таъминлаш қувватига эга бўлган тўртта атом электр станциясини ишга тушириш»ни режалаштирмоқда. Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум атом станциялари қурилиши ва космоснинг тадқиқ этилиши билан БАА «жаҳонга араблар фандаги ўз йўлларини қайта тиклаш ва бошқа буюк миллатлар билан рақобатлашишга қодир эканликлари ҳақида хабар бераётгани»ни таъкидлади.
Барака АЭС жами 5,6 мегаватт қувватга эга тўртта энергия блокидан иборат бўлади.
Аввалроқ БАА Атом фаолиятини мувофиқлаштириш федерал агентлиги (FANR) Бош директори Христер Викторссон ядро ёнилғиси юклангач, агентлик фаолият учун лицензия бериши ва шундан кейин Араб дунёсидаги илк атом станцияси – “Barakah” ишга тушиши мумкинлиги ҳақида баёнот берганди.
Амирликларнинг тўрт реакторли биринчи АЭС мамлакат ғарбида, Форс кўрфази қирғоқларида, яъни Абу-Даби амирлигига қарашли Ал-Гарбия минтақасида, пойтахтдан 250 километр жойда қад кўтармоқда.
Умумий қиймати 25 миллиард долларга тенг мазкур электростанция қурилиши 2011 йилда бошланган.