Баҳор – мароқли ўйинлар фасли
Баҳор келиши билан кунлар илиб, ердан қишнинг совуқ ҳарорати кўтарилади.
Баҳор келиши билан кунлар илиб, ердан қишнинг совуқ ҳарорати кўтарилади. Атрофни яшиллик қоплайди. Дарахтлар куртак ёзиб, бутун олам ажиб гўзалликка бурканади.
Бундай пайтда шаҳарлик болалар қандай ўйинларни ўйнашади, билмадим. Аммо қишлоқ болалари ўқиш ва уй юмушларидан ортиб, кенг далада чиллак ўйнайди, ланка тепади. Қизлар онаси тикиб берган нимчани эгнига кийиб, қўлларига челак тутганча ариқ бўйларига ялпиз тергани чиқади. Ишлари адо бўлди дегунча дугоналари билан мак-мак, меҳмон-меҳмон, беш-тош ўйнагани ошиқади.
Баҳор – кунлар узайган маҳал. Ўйинга қизиқиб кетган болалар қоронғу тушганини ҳам сезишмайди. Қош қорайганда уйга кириб келади. Овқатланади, сўнг дарс қилиб, тезда ухлаб қолади. Телефон титкилаш, телевизор кўришга вақти қолмайди (Балки уларга буларнинг қизиғи ҳам йўқдир). Уларда телефонга шунчаки расмга туширадиган, гаплашадиган ва қўшиқ эшитадиган оддий матоҳдек қараш одат бўлиб қолган.
Қишлоқда бу “армисоқдан” қолган ўйинларни ўйнаб замондан ортда қолиб кетадику, деб ачинишга шошилманг. Бу ўйинлар болаларга куч беради. Кайфиятни кўтаради. Ўқишларида унум, ишларида барака беради. Қишлоқда биз билан лой-лой ўйнаб, чиллакда нишонни бир олиб, бир ололмай, ланкани боплаб тепган ўғил-қизларнинг масъул лавозимларда ишлаётганини биламан. Бир қишлоқдошим ҳозир Навоийда адвокат. Уни ҳар гал учратганимда ёки гаплашганимда эсингдами, деб бошлашим билан юзига табассум югуради. Болаликдаги хотираларни яхши кайфият билан эслаймиз. Шу хотиралардан сизга ҳам илинмоқчиман.
Болалигимизда биз шунчалар бахтли эдикки, кечаси свет ўчиб қолиши, шам ёруғида дарс қилиш, уйда газ йўқлигидан ўчоққа овқат қилишимизу печкада чой қайнатиб ичишимиз кайфиятимизга таъсир кўрсатолмасди. Ўйинларнинг тури кўп бўларди. Мактабда яхши ўқимаган “иккичи” болаларни даврамизга кўпам қўшавермас эдик. Чунки бизнинг қишлоғимиздан бундайлар чиқиши мумкин эмас эди. Улар қачон аъло баҳоларга ўқишни бошласа, кейин бизнинг турфа ўйинларимизга қўшиларди.
Ҳаммасидан ҳам мароқлиси, тўйимли қишлоқча шашка ўйини бўларди. Шашкани ҳам қишлоқчаси ва тўйимлиси бўларканми дейсизми? Албатта бўлади. Махсус тахтага шашка тахтасини чизиб олардик. Оқ доналар ролини ёнғоқ, қора доналар ролини ўрик ўйнарди. Қоидалар ўша. Фақат ҳар бир ютиб олинган дона шу заҳотиёқ паққос “тушириларди“. Жийда, бодом, олма ва бошқа мевалардан ҳам шашка донаси сифатида фойдаланардик. Болалардан бирортаси анор олиб чиқишса борми, шашка ўйини ҳақиқий тўйга айланиб кетарди. Ахир атрофдаги “Поддешкачи” болалар ҳар бир ютиб олинган доналарни ўзгача қувонч билан қабул қиларди. Чунки бу ёғи анорлар барг чиқаришга қараб кетяпти. Одамларнинг уйларида анор охирлаб қолган, айримларникида тугаган ҳам бўларди. Бизнинг қишлоқ одамлари бозорлардан мева сотиб олмасди. Ўзлари қишдан чиққунига қадар етадиган мева-чева, илик узилди вақтда қийналиб қолмаслик учун кўплаб егуликлар ғамлаб қўярди.
Наврўз байрами ўзининг илиқ, ёқимли ҳавоси билан қишлоқдаги болаларга бир олам қувонч олиб келади. Қишда ҳам махсус ёғочлардан, елим идишлардан ва машина балонларидан чанага ўхшаш бир нарсалар ясаб, қорда мароқ билан учса бўлади. Аммо қишда ҳаво ўзгарувчан бўлади, озроқ қуёш чиқиши билан қорлар эриб кетади. Кенг далалар лой бўлади. Лой далада чопиб-чопиб ўйнаб бўлмайди. Баҳорнинг илиқ ёмғирли кунларида ким яшинди, қувлашмачоқ, узоққа чопди, лой-лой, оқ теракму-кўк терак ўйинларини ўйнаса бўлади. Агар ёмғир шаррос қуйса, панада бахру-байт, тез айтиш, эртак айтди, кўп топганга шаҳар бериш, лайлак келди ва бошдан чертар ўйинлари ўйналади.
– Ланка тепишни яхши кўраман,– дейди Кармана шаҳридаги 30-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муродбек Сатторов. – Аммо кўп теполмайман. Қишлоқдаги ўртоқларим тинимсиз машқ қилсанг, кўп тепишни ўрганиб оласан, дейди. Улар бир тепишни бошласа 100-150 та тепади. Санайвериб чарчаб кетади одам. Ҳар гал бувимларникига борганимда қишлоқ болаларидан қизиқ-қизиқ ўйинларни ўрганиб келаман. Шаҳарга қайтгач, уни дўстларимга ҳам ўргатаман. Дадам мактабга кетаётганимда тушликка деб берган пулларини тежаб, кўчадан пуллик ўйинлардан ўйнар эдим. Кўчадаги “компьютерхона”лардан ўйин чўнтакка зарар, қолаверса, соғликка ҳам зиёни борлигини энди англадим.
Ҳозир шаҳар болалари нима билан машғул? Телефон “титкилашдан“ бўшамайдиган болаларга кўча-кўйда кўп кўзимиз тушади. Вақтини бекор ўтказмаётганлари ҳам бор. Турли ўқув курсларига, қўшимча дарсларга бораётгандир. Хорижий тилларни ўрганаётгандир. Аммо кони фойда бўлган миллий ўйинларимизни ҳам ўрганиб қўйса, нафақат ўрганиб, балки кўп қаватли уйларнинг олдида болалар учун қурилган махсус ўйингоҳларда ўйнаб турса, яхши бўларди. Бунда эса миллий ўйинларни болаларига ўргатишда катталарда қунт бўлса, ҳафсала бўлса кифоя. Зеро, ҳеч бир ота-она беғубор болаларини техниканинг қулига айланиб қолишини хоҳламайди.