Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўстонлиқда солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби жорий этилади
22:08 / 2020-02-21

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 2020 йилнинг 1 майидан 2021 йилнинг 1 майига қадар тажриба тариқасида солиқ солиш объектлари ҳисобга олиниб, солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби жорий этилади.


Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 2020 йилнинг 1 майидан 2021 йилнинг 1 майига қадар тажриба тариқасида солиқ солиш объектлари ҳисобга олиниб, солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби жорий этилади.

Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан белгиланди.

Қарорга мувофиқ, тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, дала ҳовли, якка тартибда қурилган уй-жойлар ва яшаш учун мўлжалланган бошқа турар жойлар, шунингдек, айрим мол-мулк турлари солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги бепул бериладиган гувоҳнома асосида ижарага берилади.

Кўчмас мулк объекти ва айрим мол-мулк турлари солиқ органларида ҳисобга олинган махсус чеклар тақдим этиш орқали ижарага берилади. Тегишли солиқлар тўланган тақдирда, ушбу фаолиятдан тушган нақд пулни банк кассасига топшириш ихтиёрий ҳисобланади.

Мазкур қарор билан солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳномасиз кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш ёхуд кўчмас мулк объектларининг ижарага берилгани тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда ягона электрон платформага киритмаслик ҳолати солиқ тўлашдан бўйин товлаш деб ҳисобланиб, белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Шунингдек, солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳнома асосида айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт эмаслиги, уларнинг даромадларига белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солиниши белгилаб қўйилди.

Тадбиркорлик субъектлари сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари хизматлари кўрсатаётган ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга мазкур қарор талаблари татбиқ этилмайди.