Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўрсиқ нега ўлдирилмоқда?
09:35 / 2020-02-05

Қорақалпоғистон Республикаси Шўманой туманида битта деҳқон эрта баҳорда трактор билан ер ҳайдаётганда, қизиқ воқеага дуч келади, яъни ҳайдалган ерлардан бутун қовунлар чиқа бошлайди.


Қорақалпоғистон Республикаси Шўманой туманида битта деҳқон эрта баҳорда трактор билан ер ҳайдаётганда, қизиқ воқеага дуч келади, яъни ҳайдалган ерлардан бутун қовунлар чиқа бошлайди. 

Кузда қандай бўлса, худди шундай ҳолатда. Кейинчалик воқеани қишлоқдагиларга айтади ва қовунларни далил сифатида кўрсатади. Бунинг сирини билиш учун қазилган ерларга келади ва бу ерда бўрсиқнинг ини борлигига гувоҳ бўлади.

— Мен шу воқеага гувоҳ бўлганман, — дейди қорақалпоғистонлик журналист ва ёзувчи Ўмирбай Ўтеулиев. — Бизнинг билишимизча, бўрсиқ энг тоза ҳайвон экан. Унинг инида ухлайдиган, овқатланадиган жойлари ва ҳожатхоналари алоҳида бўлар экан. Қовунни сақлашда улар инсон билмайдиган усуллардан фойдаланишар экан. Бўрсиқ жуда кўп бўлар эди ва биз уларни ҳайдар эдик. Ҳозирда бу ҳудудларда бутунлай йўқолиб кетган, — дейди у.

— Бўрсиқ ҳақиқатдан ҳам жуда тоза ҳайвон. Улар инини очиқ жойлардан, экинзор майдонлардан қазийди. Ини доимо тоза туради. Бошқа йиртқичларники каби унинг инида суяклар ва озиқ-овқат қолдиқлари бўлмайди. Ўзи учун махсус ҳожатхоналар ҳам ташкил қилади. Ҳожатхоналари инидан бир метр чуқурликда бўлади, ҳожатхона тўлгач, уни кўмиб, янгисини ясайди, — дейди биология фанлари доктори, профессор Светлана Мамбетуллаева. — Улар тоза ҳаво ва қуёш нурининг қанчалик фойдали эканлигини яхши билишади, шунинг учун инида бир неча эшиклар бўлади.

ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими Гулара Матекованинг таъкидлашича, бўрсиқ популяцияларининг умумий ҳолати ташвишлантирмайди. Чунки Судоче орнитологик қўриқхонаси ҳудудида бўрсиқлар зичлиги 10 кв. км. учун 3-5 особни ташкил этади. 

Шунингдек, Жанубий Орол денгизи ҳудудида хусусан Қозоқдарё ўрмон хўжалиги ҳудудида Жалтирбос ва Кўкдарё соҳилларида уларнинг инлари кўплаб учрайди. Шунингдек, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати территориясида ҳам бўрсиқларни кўплаб учратиш мумкин.

Сир-синоатга тўла ушбу ҳайвон шафқатсизларча ўлдирилаётгани одамни ҳижолатга солади.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати Элликқалъа туманидаги “Қизилқум” ОФЙ ҳудудида ноқонуний овчининг бўрсиқ овлагани ҳақидаги маълумотни тарқатди. 

Ҳолат юзасидан қонунбузар фуқарога нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарорининг 14-иловасига асосан табиатга етказилган зарарни қоплаш учун 1 138 000 сўм жарима ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-бандига асосан маъмурий ишлар бўйича суд органига ўтказиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда, дейилади хабарда.

Бўрсиқни асосан овчилар ёғи учун ўлдиришади. Бозор ва дорихоналарда бўрсиқнинг ёғини сотаётганлар кўплаб учрайди. Бир шиша бўрсиқ ёғини 100 минг сўмдан 200 минг сўмгача нархланмоқда.

Бўрсиқ ёғи қадимдан шарқ табобатида кенг фойдаланиб келинган.