Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Азон нима учун айтилади ёхуд кучли лидерларгина инсон ҳуқуқларини таъминлайди
14:09 / 2022-10-24

Мавзу номини ҳам, унинг матнини ҳам шундай бошлаш керакки, токи, матнни ўқиётган киши сиз айтмоқчи бўлган фикрларни ўз тафаккури билан ўлчаб кўрсин, ўқувчи мушоҳадага кириша олсин, фикрлар тўқнашсин ёки мулоҳазалар қоришиб, ягона мотивация ҳосил бўлсин.

Шундагина фикрга эътибор номигагина, юзаки, қараб ўтиш бўлиб қолмай, юракларга кириб боради, муҳокама бўлади. Бу эса жамиятга дахлдорлик ҳиссини оширади, фикрлар, ғоялар, қарашлар хилма-хиллиги, шахсий позициялар тўқнашуви – албатта ушбу жараёндан фақат ва фақат наф беради, пировардда эса жамиятга фойдадир.

Шу асосда фикримизни аввало, жамиятни англаб олиш лозимда, деб бошлаймиз.

Жамият – кишилар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мажмуи бўлиб, у тарихий тараққиёт ижтимоий муносабатларининг маҳсулидир. Жамиятда бошқарув ва кишилар хулқ-атворини умумий ва маълум қонун-қоидалар тартибга солиб туради.

Қонун-қоидалар эса, инсон ҳуқуқлари, шаъни қадр-қимматига хизмат қилиши, яъни, эътиқодга хос бўлган азиз инсоннинг эътиқодига дахл қилмаслиги, унинг эътиқод эркинлиги, виждон эркинлиги, яшаш, ишлаш, эркин сўз ва фикр юритиш, жамиятда ўзи яшаётган давлатдан у ёки бу кўмакни олиш ҳуқуқи, бир сўз билан айтганда, ушбу қонун-қоидалар – инсон қадри учун яратилиб, унга хизмат қилиши ҳам керакда...

Шу учун ҳам давлат – жамият сиёсий тизимнинг асосий субъекти сифатида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди.

Демакки, давлат сиёсати жамиятда мустаҳкам ва инсонпарвар бўлган қонун-қоидаларни, ҳуқуқ-тартиботни ўрнатишга, уни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши лозим. Шундай экан, давлатнинг нуфузи инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни билан чамбарчас боғлиқдир.

Ҳуқуққа келадиган бўлсак, бу – давлат томонидан ҳимоя қилинади. Ҳуқуқ ўзида эркинлик, тенглик ва адолатни ифодалайди.

Бир сўз билан айтганда, давлат бор жойда ҳуқуқ бўлади, давлатга ҳокимиятни ҳуқуқ беради, ўз навбатида ҳуқуқни эса халқ берган ваколатга таяниб, давлат ҳокимияти таъминлайди.

Давлат ҳокимиятини эса давлат раҳбари, яъни, шу давлатнинг лидери амалга оширади.

Мисол учун, мана, тўрт йилдирки, масжидларда азон овоз кўтаргич орқали айтилмоқда ва албатта бу узоқ масофаларга эшитилади. Овоз масжид деворлари орасида қолиб кетмайди...

Ҳис этаётганингиздек, инсон қадри, унинг эрк-ҳуқуқлари улуғланаётган давлатда тонг-саҳарнинг ҳам файзи бўлади...

Энди эса, мавзу номидан келиб чиқиб, муддаони ёритиш мақсадида янги даврда юртимизда инсон ҳақ-ҳуқуқ ва экинликларини таъминлаш ҳолатини қисқача таҳлил этиб, бу борадаги амалда олиб борилган ислоҳотларни бир эслаб ўтамиз.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 10 октябрдаги тақдимномасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорнинг аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, шу кундан бошлаб илк бор «Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар» ҳам афв этиладиган бўлди.

Айни шу тақдимнома ва қарор кейинчалик «қора рўйхат» балосига чек қўйди. «Қора рўйхат» тугатилди, минглаб юртдошларимиз рўйхатдан ўчирилди. Сиёсий маҳбуслар озод этилди. Диний бағрикенглик ҳуқуқи таъминланди.

Демакки, адашган фарзандларига юртимиз оталик меҳрини кўрсатди, уларни кечирди ва шу орқали ўзига дўст тутди.

Илло, асосий Қонунимизнинг 31-моддаси ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган инсон ҳуқуқи тўла рўёбга чиқа бошлади.

Давлат лидери БМТда «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси ҳамда «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси»ни қабул қилиш ташаббусини илгари суриб, буни рўёбга чиқаришга эришгани, бу – юртимизда давлат сиёсатида инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини англатади.

Президентнинг 2016 йилдаги фармони асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилди.

Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди.

Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди.

Почта-телеграф жўнатмаларини ҳатлаб қўйиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди.

Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда, муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.

Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти ислоҳ этилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш тизими тамомила янгиланди, бу тизим демократлашди, давлат органлари ва мансабдорлар халққа яқинлашди.

2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Президент фармон қабул қилди. 2017 йил «Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили» деб номланди. Яъни инсон манфаати, инсон қадри бирламчи ўринга қўйилди.

Аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ҳукуматга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш мақсадида Виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизими, жумладан, Президент ҳузурида Бизнес омбудсман иш бошлади. Тадбиркорга нисбатан асоссиз текшир-текширлар, молия хўжалиги фаолиятни тизимли текширишлар чекланди. Тадбиркорлар фаолиятидаги қўрқув балоси барҳам топди.

Биргина 2020-2021 йилларда 10 000 000 000 сўмга яқин, судлар томонидан эса, бир неча юз миллиарддан ортиқ маблағ тадбиркорлар ва аҳолига давлат ғазнасидан компенсация тўловлари тариқасида ундириб берилди.

Ортиқча тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар аҳоли ва тадбиркорларга қайтариб берилмоқда. Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, «пахта якка ҳокимлиги» ва бошқа ҳолларга чек қўйилди.

Маъмурий тартибда меҳнатга жалб қилинганлик учун, жавобгарлик кучайтирилди. Судларда эса, маъмурий тартибда мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларига йўл қўйган идоралар ва уларнинг мансабдор шахсларига тизимли жазо чоралари қўлланилмоқда. Фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи билан бевосита боғлиқ паспорт тизим ислоҳ этилди.

Хусусан, Конституцияда белгиланган Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи тамойилларига риоя этилган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатда туришга чеклов, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилиниши бекор қилинди, Ўзбекистонда прописка тизими, шубҳасиз, босқичма-босқич барҳам топди.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикасига кириб чиқиш ҳуқуқи, виза тартиботлари соддалаштирилди. Бу соҳада ҳам Конституцион тамойил амалда таъминланмоқда.

Судларда ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш, процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видео ёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди.

«Зулм маскани» деб таърифланган «Жаслиқ» колонияси ёпилди, Термиз шаҳридаги халқ тилида «дайдихона», «подвал» деб номланган масканлар, Қашқадарёдаги «шайхали», Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятидаги ҳамда Тошкент шаҳридаги Тоштурмада бўлган «овуллар»даги қийноқларга батамом барҳам берилди.

Қийноқларга қарши давлатнинг яхлит тузилмасини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсманга бевосита озодликдан маҳрум этиш жойларида ўрганиш ўтказиш каби кенг ваколатлар берилди.

Азиз инсоннинг энг ноёб ҳуқуқига айланиб қолган «Реабилитация ҳуқуқи» ҳаётга қайтди.

Буни ҳар биримиз тез-тез қабул қилинаётган судларнинг оқлов ҳукмлари мисолида кўриб турибмиз.

2016 йилдан бери Ўзбекистонда 5000 дан ортиқ маҳбус озод қилинган. Улардан 1584 нафари диний маҳбуслар. Бундан ташқари, озод этилган ёки жазоси енгиллаштирилган маҳбуслар сони 2000 нафарга етган.

2017 йилда – 263 нафар, 2018 йилда – 867 нафар, 2019 йилда – 859 нафар, 2020 йилда – 781 нафар фуқаро оқланган. 3 минг 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 минг 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган, ўзгартирилган ёки ҳокимларнинг 2 минг 852 та қарори ноқонуний, деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Маъмурий судлар ташкил қилингач, 2017 йилда 218 тагина, 2020 йилга келиб эса 41 292 та маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

2017 йилгача бўлган ўн йилликдаги 7 тагина оқлов ҳукмини эсласак, 2017 йилдан бугунга қадар оқловлар беш мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТДА ШУНДАЙ БЎЛИШИ КEРАК

Одамларнинг суддан нажот излаш фоизи ошди. Аслида инсон ҳуқуқларига асосланган ҳуқуқий давлатда шундай бўлиши ҳам керак.

Бир сўз билан айтганда, кеча орзу қилиб юрганимиз – ноҳақ айбларни олиб ташлаш, оқлов, давлат органларига ишга тиклаш, давлатдан зарар ва компенсация ундириш бугун янгилик эмас. Одамлар бу ислоҳотларнинг қанчалик қийинчилик билан бошланганлигини эсидан ҳам чиқариб қўймоқда.

Аслида яратилган енгиллик ва яхши ислоҳотлар машаққати тез ёддан кўтарилади...

Яна бир ҳақиқатки, ҳаётга татбиқ этиладиган ислоҳотлар, айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар ҳар доим ҳам кутилган натижани тақдим қилавермайди.

Бу жараён ва ҳолат ҳам фалокат эмас, тараққий этган давлатлар тажрибасига таянсак, беками-кўст ислоҳотлар жараёнининг ўзи жаҳон тажрибасидаги энг ноёб ҳодисалардандир.

Лекин, юртимиздаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини тан олмаслик ҳам, кўриб кўрмасликка олиш ҳам адолатдан бўлмайди.

Чунки, сўз, фикр юритиш, ижод, виждон эркинлиги кафолатлари, хоҳлаган жойда яшаш, прописка муаммоси амалда таъминланмоқда, мажбурий меҳнат йўқ қилинди. Энг асосийси, одамларда қўрқув йўқолди.

Масалан, 2010-2014 йилларда сайловчилар уч ойдан бери пенсиясини ололмаганлиги, маош ёки пенсия пулини нақдлаштиришда 10-20 фоиз устама тўлаётганлиги, валюта айрибошлаш, прописка, фуқаролик ололмаётганлиги каби тизимли муаммолар билан мурожаат қилишарди. Ўша пайтда бу муаммоларнинг 3-12 фоизи ечиларди, холос, бу ҳеч кимга сир эмас.

Таҳлилларга кўра, 2017 йилдан бошлаб республикада валюта айирбошлаш, прописка, пенсия ва нафақаларни нақд пулда олиш масалалари бўйича ҳар ойда ўртача 100 мингта мурожаат тушган. Бугун бу муаммолар тизимли ҳал этилиб, бундай мурожаатлар тўхтаган. Биргина Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартиби енгиллаштирилгани сабаб 100 мингга яқин оила муаммоси ҳал этилди.

Хулоса қиладиган бўлсак, азон нима учун айтилади? Албатта азон ўша эътиқод вакилларини ибодатга чорлаш учун янграйди ва бу фақат эзгуликка чорловдир, бундан ўзгача маъно чиқармаслик лозим. Негаки, аслида эътиқод ҳам ибодат ҳам инсонгагина хос бўлган эзгу тушунчалардир.

Демак, барчамиз яхши билганимиз – ҳар қандай давлат раҳбари – лидерлари аввало, шу давлат иқтисодиётини кўтаради, аҳоли турмуш фаровонлигини оширади, ундаги ижтимоий масалаларни ҳал этади, фаол ички ва ташқи сиёсатни олиб боради, лекин инсон ҳуқуқлари, унинг қадри фақат кучли лидерлар томонидангина таъминланади.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси