Улуғ навоийшунос олим, умрини ўзбек халқининг адабиёти, санъати ва маданияти, маърифати, илм-фан равнақи ва ривожига бағишлаган, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшган буюк олим, манбашунос Азизхон Қаюмов ҳаёт бўлганларида бугун 100 ёшга тўлар эди.
Устоз миллий адабиётимиз, айниқса, навоийшунослик равнақига қўшган улкан ҳиссаси, узоқ йиллик заҳматли меҳнатлари учун “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби”, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, “Шуҳрат” медали, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Азизхон Қаюмов шоир, таржимон, муҳаррир ва жамоат арбоби сифатида адабиёт мухлислари меҳрини қозонган инсон эди.
Академик Азиз Пўлатович Қаюмов 1926 йил 19 январда Қўқон шаҳрида таваллуд топган.
Олимдан салмоқли асарлар, шеър ва ғазаллар, мухаммаслар, таржима ва табдил китоблар, бой илмий тадқиқотлар қолган ва бугунги кунда унинг барча жабҳада фаолият юритаётган муносиб, давомчи шогирдлари бор.
Мамлакатимизда адибнинг номини абадийлаштириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар режалаштирилмоқда. Хусусан, Академик Азизхон Қаюмов таваллудининг 100 йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш, устоз олимнинг 30 томлик тўла асарлари тўпламини чоп этиш миллий адабиётимизда ўзига хос воқелик бўлиши шубҳасиз. Ижодкорнинг Қўқон шаҳрида туғилган уйи дарвозаси пештоқига, Тошкент шаҳридаги яшаган уйи Юнусобод тумани Аваз Ўтар 1-тор кўчаси 18-уйга хотира барельефи ўрнатилиши амалга оширилса, нур устига нур бўлар эди.
Шунингдек, барча шогирдлар истардик-ки, уй-музейи ташкил этилишига, Тошкент ва Қўқон шаҳарларидаги кўчалардан бирига академик Азиз Қаюмов номи берилишига, Адиблар хиёбонида академик Азиз Қаюмов ҳайкали ўрнатилишига ҳам тилакдошмиз.
Мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасаларида филология, журналистика, тиллар ва ижтимоий гуманитар, санъат ва маданият факультетларида Азиз Қаюмов илмий меросини ўрганиш бўйича дарс соатлари ташкил этилиб, илмий анжуман, тадбирлар ўтказилса, ёшлар наинки олим фаолияти балки, Ҳазрати Алишер Навоий меросининг аҳамиятидан тобора кўпроқ баҳраманд бўлур эди.
Устоз олимнинг ҳаёт йўли, заҳматли ижодини ўрганиш ғоят муҳимдир. Шу нуқтаи назардан келиб чиққанда, Азиз Қаюмов умрининг сўнгги йилларида ишлаб фаолият олиб борган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат адабиёт музейидаги хонаси ва Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кутубхонасида ташкил этилган “Азиз Қаюмов шахсий китоб фонди, музей хонаси”нинг моддий-техник базаси шакллантирилиб, келажакда уни “Академик Азиз Қаюмов номидаги адабий-илмий, ижодий-ижтимоий расмий фонд”га айлантириш таклифлари ҳам миллий сўз санъатимиз ривожига туртки бериши шубҳасиз.
Олимнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўпламларини, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида сақланаётган Азиз Қаюмов архиви катологини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга Давлат буюртмаси асосида Ўзбекистон кино усталарининг академик Азиз Қаюмовга бағишланган бадиий фильм яратиш, адиб ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида спектакль саҳналаштириш, ёш хонандалар ўртасида “Академик Азиз Пўлатович Қаюмов “Азизий” тахаллуси билан ёзган ғазал, мухаммас ва шеърлари билан айтиладиган “Энг яхши қўшиқлар ижрочиси” Республика танлови ўтказилса ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида устознинг ибратли оиласи, ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи тасвирий санъат асарлари кўргазмасини ташкил этиш, ҳамкорликда “Академик Азиз Пўлатович Қаюмов ижодининг ўзбек адабиёти ва санъатида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий конференцияларни анъанавий ташкил этиш ва ўтказиш адабиёт мухлисларини қувонтириши шубҳасиз.
Шу билан бирга, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида академик Азиз Қаюмов хотирасига бағишланган, олимнинг заҳматли ва сермаҳсул ҳаёт йўлини ибрат ва намуна қилиб кўрсатадиган учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай тадбирлар ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда ибратли намуна вазифасини бажаришига ишончимиз комил.
Ўлмасбек Хўжаев,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси.