Чехия Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари орасидаги ишончли ва яқин шерикларидан бири. Жорий йил апрель ойида Чехия Республикаси Бош вазири ПетрФиаланинг мамлакатимизга амалга оширган ташрифи давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига жиддий туртки берди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Aриповнинг ушбу мамлакатга ташрифи ҳам ўзаро муносабатлар тарихида янги босқич бўлади.
Давлатларимизнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги алоқалари хусусида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Азизбек Воитовқуйидагиларни сўзлаб берди:
- Ўзбекистон Чехияга 2022 йил 450 000, 2023 йил январь-сентябрь ойлари давомида эса 263 900 долларлик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулоти экспорт қилган. Ушбу давлатдан мамлакатимизга ўтган йил 2,1 миллион долларлик маҳсулот импорт қилинган. Экспорт таркиби, асосан, қуритилган мева, янги сабзавот ва майиз, импорт эса қандолат маҳсулотлари, уруғлик, мол еми ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.
Аслида, бу яхши кўрсаткич эмас, чунки шериклик учун салмоқли йўналишлар мавжуд. Чехиялик ҳамкасблар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, яъни қуритилган ёки тайёр ҳолдаги мева-сабзавотни, шунингдек, қайта ишланган ҳолда экспорт қилишга келишдик. Чехиядан эса наслли қора мол келтириш, чорва молларини сунъий уруғлантириш ва инкубацион тухум яратиш бўйича келишувга эришдик.
Юртимизга ҳар йили четдан 300 минг бошдан зиёд қорамол кириб келади. Сўйиш учун Қирғизистон ва Қозоғистондан, юқори маҳсулдор зотлар эса Чехия, Германия, Голландия ва Европанинг бошқа давлатларидан олиб келинади.
Чехия қишлоқ хўжалиги фанлари академияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Энди мевали экинлар ва узумнинг маҳаллий навларини ўрганиш, атроф-муҳит биотик ва абиотик стресс омилига чидамли ишлаб чиқаришни жорий этиш, анор навларини такомиллаштириш ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича илмий изланиш олиб борилади. Шунингдек, биргаликда уруғ етиштиришга ҳам қарор қилдик. Соҳани механизациялаш, хусусан мамлакатимизда сув тежовчи технологияни кўпайтириш ҳам муҳим масала. Бу борада ҳамкасбларимизнинг бой тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш устида иш олиб борамиз. Бу саъй-ҳаракатлар икки мамлакат қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат саноати йўналишида янги даврни бошлаб беради.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти салоҳияти изчил ортмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили 20 миллион тоннадан кўп мева-сабзавот етиштирилади. Юзга яқин давлатга 80 дан зиёд турдаги янги ва қайта ишланган мева-сабзавот жўнатилади. Бир неча йирик фабрикалардаги мавжуд тез музлатадиган технология чех истеъмолчиларига янги-янги маҳсулотлар етказиб бериш имконини беради.
Ҳукуматлар даражасида, қолаверса, ишбилармон, тадбиркорлар ўртасида йўлга қўйилаётган бундай самимий мулоқот, учрашувларда эришилган келишувлар ҳар икки мамлакат учун самарали, фойдали бўлишига ишончим комил.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатларимиз ҳали фойдаланилмаган салмоқли салоҳиятга эга. Кўплаб соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам Ўзбекистон – Чехия муносабатини чуқурлаштириш стратегик шериклик риштаси янада мустаҳкамланишига замин яратади.
Гўзал Сатторова, ЎзА