Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Азиза Шарипова – танлов ғолиби
20:21 / 2015-05-07

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу анъанавий танловда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган 42 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Иштирокчилар орасида тажрибали ишбилармонлар билан бирга, интилувчан ва ташаббускор ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этгани эътиборлидир. Чироқчи туманидан якка тартибдаги тадбиркор Азиза Шарипова улардан биридир. Ўтган йили Шаҳрисабз педагогика коллежини тамомлаган Азиза танловда ўзи яратган миллий гиламчилик маҳсулотлари билан қатнашди ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналиши ғолиби бўлди.

Китоб туманидаги “Voha mash`ali” масъулияти чекланган жамияти раиси Санжар Ғаниев “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, Нишон туманидаги “Сайдалиев Муҳриддин” фермер хўжалиги раиси Муҳриддин Сайдалиев “Йилнинг энг яхши фермери” деб эътироф этилди.

– “Ташаббус” танловида илк иштирокимдаёқ ғолиб бўлишни ўйламаган эдим, – дейди Китоб туманидаги “Voha mash`ali” масъулияти чекланган жамияти раиси Санжар Ғаниев. – Бу, ўз навбатида, катта масъулият эканини ҳам яхши англаб турибман. Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, фаолиятимизни кенгайтирмоқдамиз. Хориждан келтирилган замонавий технологиялар асосида микрокальцит ва ҳар хил бўёқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Айни пайтда корхонамизда 8 турдаги қурилиш маҳсулотлари тайёрланмоқда.

“Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Менинг юртим – менинг ифтихорим”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг яхши масъулиятли ижтимоий шерик” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.