Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини XXI асрнинг асосий ва инсоният олдидаги энг жиддий муаммолардан бири эканлигини тан олмоқда. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, дунёда озиқ-овқат тақчиллиги тобора ортиб, минтақамизда чўллашиш жараёни кучайиб бораётгани қишлоқ хўжалиги ходимлари олдига ҳам долзарб вазифалар қўймоқда.
Хўш, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳа ва тармоқларида қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда?

Маълумотларга кўра, деҳқон хўжаликларини ривожлантириш учун жорий йилда 100 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, очиқ электрон аукцион орқали аҳолига тарқатилган. Бунинг ҳисобидан 420 мингдан ортиқ янги хўжалик ташкил этилиб, 1 миллион 200 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилган. Эътиборлиси, ўзбек пахтасига жорий этилган бойкот бекор қилинди. Ўтган машаққатли даврдан кейин тўқимачилик соҳасидаги йирик брендлар мамлакатимиз пахта бозорига қайтмоқда.
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида шулар хусусда сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Президент номидан қишлоқ хўжалиги ходимларини табриклади.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг таъкидлашича, жорий йилда соҳани ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси доирасида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, “Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги” индексида Ўзбекистоннинг ўрни 113 та мамлакат орасида 85-ўриндан 73-ўринга ёки 12 поғонага кўтарилди.
– Ўзбекистон 2019-2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори ўсиш кўрсаткичларига эришган 10 мамлакат ичида 1 – ўринни эгаллади, – дейди А.Воитов. – Келгусида фермер ва деҳқонлар таклифлари, илғор халқаро тажрибалар асосида аграр соҳада молиялаштириш, кредитлаш, суғурталаш ва субсидиялашни мутлақо янги тизимлари жорий этилади. Маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш ва сотишни тизимли ташкил этишда ўзаро кооперацион ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида қонуний асослар яратилади. Ҳар бир вилоятдаги 3-4 тадан туманда Агрохизматлар марказлари ташкил этилади. Экинларни жойлаштириш, имтиёзли кредитлар ажратилишини мониторинг қилиш бўйича “Агроплатформа” ахборот тизими ишга туширилади. Ҳудудларда замонавий инфраструктурага эга “Озиқ-овқат саноат парки” ташкил этилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат дастурлари доирасида кўплаб илмий лойиҳалар молиялаштирилган. Хусусан, илмий ташкилотлар томонидан “Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит муҳофазаси” фанлари йўналиши бўйича умумий қиймати 226 миллиард 889 миллион сўмлик 165 та лойиҳа бажарилган. Умумий қиймати 34,1 миллиард сўмлик 33 та илмий лойиҳаларнинг бажарилиши якунланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бу йилги баҳор ва ёз ойларининг ноқулай келиши деҳқону-фермерларга қатор қийинчиликларни юзага келтирганлигини қайд этди.
– 2022 йил қишлоқ хўжалиги ходимлари учун ҳақиқий синовли йил бўлди, – дейди Шуҳрат Ғаниев. – Об-ҳавонинг ноқулай келиши соҳада бир-қанча муаммоларга сабаб бўлди. Бу каби муаммолар улардан ўз ишларига масъулият билан ёндашишни талаб этди. Кейинги йилларда аграр соҳада яратилган тизим туфайли шундай оғир йилда ҳам барча тармоқларимизда юқори кўрсаткичларга эришилди. Соҳа ходимларининг фидокорона меҳнати сабабли жорий йилда 7,2 миллион тонна ҳосил етиштирилиб, шундан давлат ресурсларига 2,6 миллион тонна дон харид қилинган. 4,6 миллион тоннадан ортиғи деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолди. Фермерлар ихтиёрида қолдирилган бошоқли донни ўзи хоҳлаган муддатда эркин нархларда сотиш имконияти яратилган.

Шунингдек, бу йил 22 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 3,5 миллион тоннадан зиёд пахта, 24 минг тонна пилла, 2,7 миллион тонна гўшт ва 11,7 миллион тоннадан ортиқ сут, 8,7 миллиард дона тухум, 500 минг тонна балиқ маҳсулотлари олишга эришилган. Худди шундай, қишлоқ хўжалиги,
ўрмон хўжалиги, балиқчилик, асаларичилик маҳсулотларини қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш бўйича ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди.
Албатта, буларнинг ҳаммаси деҳқону-фермерларнинг, кластерларнинг, чорва пиллакорларнинг, сувчию-механизаторларнинг, олиму мутахассисларнинг машаққатли меҳнати ва пешона тери эвазига яратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА