Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аziz-ayol.uz” платформаси доирасида узлуксиз ишловчи «ишонч телефони» ишга туширилади
19:06 / 2021-05-20

2021 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бош прокуратура томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган мазкур қарор хотин-қизларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган.

Қарорда ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш, мутасадди давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Бош прокуратура, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Аziz-ayol.uz” ягона интерактив миллий платформаси доирасида 24 соат узлуксиз ишловчи «ишонч телефони» ишга туширилади.

Қарор билан Аёллар реабилитация ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Шу пайтгача 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази фаолият юритган.

Мазкур марказлар эндиликда оптималлаштирилиб, улар ўрнида 29 марказ қолдирилиб, штат бирликлари белгиланди.

Марказлар фаолиятига оид ташкилий масалалар тартибга солинди, уларга жойлаштириладиган шахслар тоифасига аниқлик киритилди.

Мазкур қарор хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда муҳим асос вазифасини ўтайди. Зеро, унда ушбу йўналишдаги фаолиятни амалга оширадиган вазирлик ва идораларга юкланган қўшимча вазифалар аниқ белгиланди.

ЎзА