Туризмдан маданиятгача, экологиядан иқтисодиётгача...
Франция етакчиси Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида ишбилармонлик дастури доирасида Самарқанд шаҳрида қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди.
Қайд этиш керак, мазкур анжуман ўтган йил ноябрь ойида Париж шаҳрида ўтказилган йирик тадбиркорлик форумининг мантиқий давомидир. Йиғилишда Франция Ўзбекистоннинг имкониятларини юқори баҳолади, ҳамкорликни ривожлантириш ҳаракатини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Умуман, томонлар янги лойиҳаларни илгари суришда давом этиши, хусусан экология-сув йўналишида келишувларга эришилаётгани, маданий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик доирасида йирик кўргазмалар намоён этишга интилиш кучли экани маълум қилинди. Мамлакатимиз экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдухакимов ЎзА мухбирига интервьюсида айни шу жиҳатларга тўхталди:
– Франция Ўзбекистон учун стратегик ҳамкор давлат. Яхши биламиз, алоқаларимиз узоқ тарихга бориб тақалади. Ҳозир юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар орқасида энг кўпи Франция фуқаролари. Менимча, ушбу фактнинг ўзиёқ туризм бўйича икки томонлама истиқболли муносабатни белгилайди. Шу нуқтаи назардан, келажакда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқчимиз.
Бугун форум доирасида яхши янгиликлар кузатилди – муҳим ҳужжатлар қабул қилдик. Франция компаниялари томонидан Ўзбекистонда бир неча йирик лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик. Масалан, “Билдирсой – Чимён – Нанай” лойиҳаси анчадан буён кутилаётган воқеа, дейиш мумкин. Ушбу лойиҳага ҳар икки томондан салмоқли инвестиция киритилиши кутиляпти. Бу жараёнда юртимиз аҳолиси, хорижий сайёҳлар, жумладан французлар учун янги – “қишки туризм ва тоғ туризми” пакети яратилади. Франциялик саёҳлар оқимини тезлаштириш мақсадида қатор бошқа дастурлар ҳам ишлаб чиқяпмиз, муҳим келишувларга эришяпмиз.
Ўзбекистон ва Франциянинг йирик, тарихий шаҳарларига ўзаро ҳаво қатнови йўлга қўйилади. Парвозлар географиясини тузган ҳолда, Франция билан ҳамкорликда хусусий авиа компанияларимиз сонини кўпайтирмоқчимиз.
Ўтган йил Парижда бўлиб ўтган икки йирик кўргазмада юртимиз тарихи, маданий мероси, маданияти намойиш этилгани франциялик фуқаролар учун муҳим воқеликка айланди. Улар тарихимизни чуқурроқ ўрганишга қизиқади. Маданий меросимиз намуналарини, зиёратгоҳларимизни томоша қилишга ошиқади. Шу боис, Париж шаҳридан ташқари, бошқа йирик шаҳарлар билан парвозлар амалга ошириш ҳаракатидамиз. Масалан, жуда машҳур туристик компаниялар мурожаат қилиб, Лион – Самарқанд, Лион – Бухоро ҳаво йўналишларини очиш таклифини берди.
Ўйлайманки, сайёҳлик салоҳиятимиздан фойдаланиш нуқтаи назаридан, қатновлар сонини ошириш, географиясини тузиш жуда муҳим. Бугун яна бир бор ишонч ҳосил қилдик-ки, Президентларимиз, халқларимииз дўстлиги, икки ҳукумат ўртасидаги яқин муносабат эртага, албатта, амалий натижасани беради. Давлатимиз раҳбари ҳамиша таъкидлаганидек, пировард мақсад – аҳолимиз, айниқса ёшлар, аёллар учун янги, юқори даромадли иш ўринлари яратиш. Шу маънода бугунги келишувлар, умуман, Эммануэль Макроннинг ташрифи жуда самарали, иқтисодий томондан фойдали кечяпти.
Форум олдидан икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон маданияти, маърифати, тарихидан сўзловчи кўргазмалар билан танишдилар. Кеча Макрон бутун дунёга машҳур кўҳна шаҳар – Самарқанднинг тунги жозибасидан бахраманд бўлди. Фикримча, ушбу тарихий воқеани бутун дунё ОАВ, Франция – Европа медиа жамоатчилиги жаҳон ҳамжамиятига намойиш этмоқда. Президент Макрон Ўзбекистонга келиб, юртимизга қизиқиш билдирганини кўрган европаликлар, албатта, диёримизга интилади.
Яна бир муҳим йўналиш – экология. Ҳозир Франциянинг етакчи компаниялари сув-экология бўйича бутун дунёда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келяпти. Франция сув тежаш технологиялари жуда илғор. Ушбу технологияларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш мумкин. Бу борада Франциянинг бир неча йирик компанияси билан келишувга эришдик. Президентларимиз ташаббуси билан сувни тежаш, оби ҳаётдан самарали фойдаланиш бўйича қатор йирик тадбирлар, форумлар ташкил этишни режалаштирдик.
Ўзбекистонга кириб келаётган Франция компанияларининг асосий афзаллиги – молиялаштириш манбаси мавжудлиги, бисёрлиги. Сув танқислиги келажакда нафақат мамлакат, балки минтақа муаммосига айланиши мумкин. Шу боис, иқлим ўзгариши шароитида иқтисодий тармоқларимизни Франция компаниялари тажрибасига таянган ҳолда, бугунги кунга мослаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштирамиз.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.