Aссалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!
Фарғона вилоятидаги маҳаллаларда “Aссалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остида халқ сайиллари ташкил этилиб, инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёмғирли кунлар давом этаётган бўлса-да, Наврўз шукуҳини ҳар бир ҳудудда, одамларнинг кайфиятида яққол кўриш мумкин. Олтиариқ туманидаги “Азимобод“ маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган халқ сайли катта шодиёнага айланди. Унда халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик каби фазилатлар намоён бўлиб, ёши улуғ инсонлар, нуроний отахон ва онахонлар эъзозланди, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди.

Ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилди. Энг қувонарлиси, туман прокурори ташаббуси ва ҳудуддаги фермерларнинг қўллаб-қувватлаши билан 12 нафар болажоннинг суннат тўйлари катта тантана билан нишонланди.
Халқ сайлида туман ҳокими Шамсиддин Турдалиев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳошим Абдуллаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев ва тумандаги сектор раҳбарлари иштирок этди.

Наврўз шодиёналарида миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг чиқиши, полвонлар беллашуви, дорбозларнинг дор ўйинлари, айниқса, ҳарбий техникалар кўргазмаси, арқон тортиш, футбол, стол тенниси мусобақалари, аттракцион ўйинлари барчада катта таассурот қолдирди. Концерт дастури байрам қатнашчиларига завқ бағишлади.
М.Сулаймонов, ЎзА