Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Азимийнинг “Мурод-ул-ошиқин” девони (ўзбекча шеърлар) монографияси нашр этилди
09:26 / 2026-01-07

Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида ҳали тўлиқ ўрганилмаган, аммо бадиий ва тарихий аҳамияти жиҳатидан юксак бўлган асарлар талайгина.

Шундай ноёб манбалардан бири истеъдодли шоир Азимий қаламига мансуб “Мурод-ул-ошиқин” девонидир. Темурийлар тарихи давлат музейининг катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Сарвиноз Азизхонова томонидан тайёрланган “Азимийнинг “Мурод-ул-ошиқин” девони (ўзбекча шеърлар)” номли монография тақдим этилди.

Азимий ўзбек мумтоз адабиётида ўзига хос бадиий тафаккур ва маҳорати билан ажралиб турувчи шоирлардан бири. Унинг ижодида тасаввуфий руҳ, ишқий-фалсафий қарашлар, инсон қалбининг нозик кечинмалари юксак бадиий ифодасини топган. “Мурод-ул-ошиқин” девони шоир дунёқараши ва мумтоз шеърият анъаналари билан узвий боғлиқ бўлиб, мазмун ва шакл жиҳатидан бой манба саналади.

Бироқ мазкур девон узоқ вақт давомида қўлёзма ҳолида сақланиб, илмий жиҳатдан мукаммал ўрганилмаган эди. Турли нусхалар ўртасидаги тафовутлар, матндаги камчилик ва хатоликлар Азимий меросини тўлақонли тадқиқ этишга жиддий тўсқинлик қилган.

Сарвиноз Азизхонова томонидан тайёрланган монографиянинг асосий ютуғи шундаки, унда Азимийнинг ўзбекча шеърлари илк бор ишончли қўлёзма манбалари асосида қиёсий-танқидий усулда таҳлил қилиниб, илмий-танқидий матн шаклида тикланди. Муаллиф бир нечта қўлёзма нусхаларни солиштириш, уларнинг фарқли жиҳатларини аниқлаш ва энг ишончлисини танлаш орқали матншуносликнинг замонавий талабларига жавоб берадиган илмий нашр яратди.

Бу жараёнда нафақат матн аниқлиги, балки шеърларнинг бадиий яхлитлиги, вазн ва қофия тизими, мумтоз поэтик меъёрларга мувофиқлиги ҳам эътибордан четда қолмаган. Натижада “Мурод-ул-ошиқин” девони Азимий ижодини асл ҳолатига яқин тарзда англаш имконини берувчи ишончли манбага айланди.

Монографиянинг яна бир муҳим жиҳати девоннинг араб ёзувидаги асл нусхаси илова қилинганидир. Бу тадқиқотчилар, матншунослар ва мумтоз адабиёт билан шуғулланувчи мутахассислар учун катта илмий аҳамиятга эга. Асл матннинг берилиши шеърларни қайта ўрганиш, янги талқинларни илгари суриш ва келгусидаги тадқиқотлар учун мустаҳкам манба вазифасини бажаради.

“Мурод-ул-ошиқин” девонининг илмий-танқидий нашри ўзбек мумтоз адабиётини чуқурроқ англаш, кам ўрганилган шоирлар ижодини илмий муомалага киритиш йўлида муҳим қадамдир. Ушбу монография орқали Азимий ижоди янги илмий нигоҳ билан қайта баҳоланиб, унинг адабиётимиз тарихидаги ўрни янада аниқроқ белгиланди.  

Нашр талабалар, адабиётшунослар, матншунослар, тарихчилар ҳамда китобхонлар учун мўлжалланган бўлиб, қадимий адабий меросимиздан баҳраманд бўлиш имконини беради.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА