Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Азим Тошкент ёшларни севади!
21:54 / 2024-05-30

«Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай», деган сўзларнинг нақадар рост эканлигига шак-шубҳа йўқ. Давлатнинг эртанги куни ёшларнинг қай даражада билимли экани билан бевосита боғлиқ. Билимли ёшлар эса ўз ватанини севади. Ватан — муқаддас. Юртимизнинг гўзал пойтахти ҳақида орзулар амалга ошадиган шаҳар дея таъриф беришимиз мумкин.

Тошкент – қадимий тарихий асосларга эга шаҳар бўлиб, узоқ йиллик даврда шаклланиб, ривожланиб тараққий этган. Шаҳар тўғрисидаги тарихий маълумотлар юнон олимлари асарларида, хитой манбаларида шаҳар сифатида келтириб ўтилган. Милодий IV асрларда Тошкент ҳудуди Чоч ва Ироқ давлати ҳудудлари таркибига кирган. Манбаларда Чоч, Шош, Шошкент деб юритилган. Бу шаҳар ҳақидаги таърифу тавсифлар қадим-қадимдан авлоддан-авлодга ўтиб келаверган Улуғ аллома Абу Райҳон Беруний машҳур «Ҳиндистон» асарида «Тошкент» атамасини қўллаб, унинг маъно-мазмунини тушунтириб берди.

Дунё сиёсий харитасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган пойтахтимиз кундан-кун чирой очиб, гўзаллашиб бораётганини кўриб турибмиз. Бош кентимизнинг ўзига хос «Шарқ дарвозаси» деган нуфузини асраб қолиш хусусида сўз кетганда бундай тарихий маълумотлар бугунги кунда юксак аҳамият касб этади.

Пойтахтимизда ҳавас қилса арзигулик масканлар кўп. Бундай жойлар узоқни кўра оладиган инсонлар томонидан қурилганини эътироф этиб, уларнинг эзгу йўлдаги бунёдкорликларига тасаннолар айтамиз. Жумладан, Тошкент метролари гўзал ва бетакрорлиги билан барчани ўзига мафтун этган. Интилувчан ижодкорлар ва талабалар қамраб олгувчи «Адиблар хиёбони»да эса улуғ шоир ва ёзувчиларимизнинг ўлмас сиймоларини кўриб фахр ва ифтихор туямиз. Мушоира кечалари, таниқли ёзувчилар билан самимий суҳбатлар ўтаётган бундай масканлар ёшларнинг маънавий тафаккурини бойитишга хизмат қилмоқда. 

Бугун хорижлик сайёҳлар Тошкентнинг ҳар бир гўшасига ҳайрат ва ҳаяжон ила боқишади ва «Инсонлар қалбига ўзгача гўзаллик ва туйғу олиб кирувчи шаҳар», деб таърифлашади. Тарихий тафаккур, аслиятга ҳурмат ҳудудимиз ўтмишини яхши англашимиздан бошланади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 6-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг пойтахти — Тошкент шаҳри» дея тариф берилган. Ушбу модда Тошкент шаҳрини мамлакатимизнинг пойтахти сифатидаги ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаб берди.

Тошкентнинг барча ютуғи, бу — Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тараққий этаётганининг муносиб кўрсаткичидир. Шуларни инобатга олиб, 2009 йил мамлакатимизда пойтахтимизнинг 2200 йиллиги кенг нишонланди. Йиллар давомида Тошкентнинг халқаро обрў-эътибори дунё ҳамжамияти эътиборига тушди. 

Бироқ баъзан шундай азиз масканнинг экологик муҳитига зарар етказаётган, турли чиқиндиларни жамоат жойларига ташлаб кетаётган инсонлар иши дилни ранжитади. Бу шаҳарнинг гўзаллигидан баҳра олаяпмиз, истиқомат қиляпмиз, таълим оляпмиз. Бугун «Тошкент – Шарқ дарвозаси», «Тошкент – тинчлик ва дўстлик шаҳри», деган таърифларни айни вақтда дунё тан олмоқда, биз ҳам юртимизни ҳар бир гўшасини ардоқлаб севиш, асраш муҳофаза этиш билан фарзандлик муносабатимизни билдирайлик. Зеро барчамизнинг юксак ютуқларимиз гувоҳи бўлиб келаётган азим Тошкент ёшларни севади! 

Чарос Абдусатторова, 

Янги Ўзбекистон университети талабаси