French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ажрим ёқасидаги оилалар тақдири муҳокама марказида
23:02 / 2026-01-14

Навоий шаҳридаги “Чинор” маҳалла фуқаролари йиғинида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан навбатдаги сайёр суд муҳокамаси бўлиб ўтди.

Учрашувда фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьяси Ғайрат Якубов, вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова ҳамда Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Насиба Рахимова иштирок этди. Масъуллар ҳар бир оиланинг ҳолатини якка тартибда таҳлил қилиб, ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан зарур тавсиялар берди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган муҳокамада жами 13 та оиланинг тақдири кўриб чиқилди ва ҳар бир оиланинг муаммоси алоҳида ўрганилиб, уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. Натижада ўзаро тушунмовчиликларни бартараф этган 5 та оила шу жойнинг ўзида яраштирилди. Қолган оилаларга эса муносабатларини қайта кўриб чиқиш, хатоларини англаш ва оилавий бутунликни сақлаб қолиш учун қўшимча муҳлат берилди.

– Муҳокамада асосий эътибор фарзандларнинг руҳий ҳолати ва келажагига қаратилди, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова. – Аслида оила бузилиши натижасида энг кўп жабр кўрадиган қатлам бу болалар бўлиб, уларнинг тақдирига бефарқ қарамаслик ҳар бир виждонли инсоннинг бурчидир. Ота-оналар ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб болаларнинг руҳий изтироб чекишига йўл қўймаслик муҳим вазифа.

Тадбир давомида жамиятнинг асоси бўлган оила нафақат икки инсоннинг иттифоқи, балки келажак авлод камол топадиган муқаддас маскан эканлиги алоҳида таъкидланиб, оила институтининг жамиятдаги ўрни, ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат ва масъулиятнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, учрашув давомида малакали психологлар томонидан оила вакилларига амалий маслаҳатлар берилган бўлса, судья ва соҳа мутахассислари эса ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири