Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ажрим аёлларни муаммолар гирдобига туширмоқда
18:00 / 2020-10-27

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 10 фоизини ташкил этадиган, 787 мингдан зиёд оила истиқомат қилаётган, ҳар йили 30 мингта янги оила барпо бўлаётган Андижон вилоятида оилавий ажрим масаласи алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 10 фоизини ташкил этадиган, 787 мингдан зиёд оила истиқомат қилаётган, ҳар йили 30 мингта янги оила барпо бўлаётган Андижон вилоятида оилавий ажрим масаласи алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, вилоятда жорий йилнинг 9 ойи ичида 2 минг 271 та ажрим қайд этилган. Вилоят бу борада Тошкент шаҳридан кейин 2-ўринда туради.

Вилоятдаги мутасадди идоралар томонидан ажрим бўйича юзага келган ҳолат атрофлича муҳокама қилиниб, вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар бошқармалари, Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида қўшма чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, бу бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Таҳлилларга кўра, ажримларнинг аксарияти оилавий келишмовчилик, яъни эр-хотин, қайнона-келин, қудалар ёки келин-куёвнинг яқинлари ўртасидаги келишмовчилик, бир хонадонда 3-4 та оиланинг яшаши, овсинлар ўртасидаги муросасизлик, фарзандсизлик, эр-хотиннинг узоқ вақт бирга яшамаслиги, шунингдек, хиёнат, турмуш ўртоғининг ичкиликка берилганлиги сингари қатор сабаблар туфайли қайд этилган.

Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларни камайтириш учун жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, оилавий ажрим масаласида мурожаат этган фуқаролар рўйхати Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига, маҳаллаларда иш олиб бораётган Яраштириш комиссияларига тақдим этиб борилиши ва ана шу оилалар билан бевосита иш олиб бориш тартиби жорий этилди. Фуқаролик ишлари бўйича судларда оилавий ажримлар юзасидан кўрилган ишларнинг аксариятида жамоатчилик вакиллари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари вакиллари, имомлар, нуронийлар иштирок этмоқда.

– “Менинг маҳалламда бирорта ҳам оилавий ажрим бўлмаслиги керак!”, “Биз - оилавий ажримларга қаршимиз”, “Чоршанба – оилаларни мустаҳкамлаш куни” тадбирлари доирасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, жамоатчилик муҳокамаси таъсир қилмаган оилалар билан сектор раҳбарлари, яъни туман, шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими, солиқ идораси бошлиғи бевосита иш олиб бориши, муаммо имкон қадар ижобий ҳал этилиши йўлга қўйилди.

– Оилавий ажримдан энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда, – дейди вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шаҳло Солиева. – Айниқса, аёллар муаммолар гирдобига тушиб қолмоқда. Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр аёлни фарзандлари билан ота уйига жўнатиб юбормоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясини минг афсуски, унутиб қўймоқда.

Таҳлилларга кўра, турмуши бузилган аёлларнинг 50 фоиздан ортиғи ўрта ҳол ёки кам таъминланган, яшаш шароити оғир оилалар фарзандлари. Қизнинг ажралиб, ота уйига келиб қолиши ўша оилалардаги муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Қолаверса, ажрашган аёл фарзандларини боқиш, уй-жой қилиш илинжида хорижий давлатларга ишлагани кетмоқда ёки енгил-елпи, ноқонуний йўллар билан пул топишга ҳаракат қилмоқда. Бу албатта, одам савдоси, аёллар иштирокидаги жиноятларнинг ортишига, фарзандлар тарбиясига, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ана шундан келиб чиқиб, турмушидан ажралган аёлларнинг кафолатланган уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, уларнинг, фарзандларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган ишлар кучайтирилмоқда.

Ажрашиб кетган оилаларнинг салмоқли қисмини ёш оилалар ташкил этади. Ёш оила бошлиқлари аксарият ҳолатларда оилани мустақил бошқариш, фикрлаш, даромад топиш салоҳиятига эга, келинларнинг эса оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги кўриниб қолмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида вилоятдаги умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари қошида ташкил этилган “Оилага тайёрлаш” хоналарида “Оилашунослик”, “Оила психологияси” дарслари мунтазам ўтказиб борилаётир.

ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган “Келин-куёвлар инновацион мактаб”ларида никоҳланувчи ёшлар оила иқтисоди, ҳуқуқлари, соғлом турмуш тарзи, миллий, диний тарбия йўналишларида ўқув дастури асосида ўқитиб борилмоқда.

Вилоятдаги маҳаллаларда “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси, “Мустаҳкам оила мактаби”, “Яраштириш комиссияси” фаолияти кенгайтирилиб, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, оилани мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишлар кучайтирилмоқда.

Оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар албатта ўзининг ижобий самарасини, келгусида оилавий ажримлар камайишига эришилади.