Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ажралишга карантин айбдорми?
13:05 / 2020-08-04

Рақамлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлсада, умумий ҳолат ва оилавий ажралишларнинг оқибатлари хавотирли эканлиги барчамизни сергакликка чақиради.


Эй, ҳамма уйда бўлгандан кейин эр-хотин, қайнона-келин бекорчиликдан уришади, бу эса ажралишга олиб келади, деган фикрни бугунги кунга келиб кўпчиликдан эшитиш мумкин. Агар шундай бўлса, айни вақтда юртимизда оилавий ажримларнинг умумий статистикаси қандай? Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг ажралишининг олдини олиш борасида қайси ташкилотлар қандай ишлар олиб бормоқда?

– Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири оилалар билан ишлаш тизимини ташкил этиш, муаммоларга ўрнатилган тартибда ечим топишдан иборат, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева. – Ярим йилда 12 минг 810 ажралиш рўйхатга олинган. Бу ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 3 минг 151 кам. Бу мамлакатимиздаги мавжуд оилаларнинг 0,03 фоизининг тақдири ажралиш билан якун топганлигини кўрсатмоқда.

Рақамлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, умумий ҳолат ва оилавий ажралишларнинг оқибатлари хавотирли экани барчамизни сергакликка чақиради. Зеро, ажримлар натижасида жорий йилда 8 минг 725 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Яна бир муаммоли ҳолат, бу ажрим ёқасига келиб қолган оилалар тақдири. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги жорий йилнинг шу вақтига қадар 15 минг 413 та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980 тасини яраштирди. Шунингдек, 11 минг 985 та никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган оилалар аниқланиб, уларнинг 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.

Агар кўрсаткичларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, аҳоли ва оилалар сонининг кўплиги муносабати билан энг юқори рақамлар Тошкент шаҳар ва Андижон вилоятларига тўғри келади. Жорий йилнинг шу кунига қадар пойтахтда 1692 та, Андижонда 1498 та оила ажрашди. Бу ҳудудларда яна мингдан зиёд оила ажрим ёқасига келиб қолган.

Ажралган оилалар сони Фарғона вилоятида 1304 та, Тошкент вилоятида 1308 та, Самарқанд вилоятида 1302 та, Наманган вилоятида 923 та, Қашқадарё вилоятида 815 та, Сурхондарё вилоятида 749 та, Бухоро вилоятида 744 та, Сирдарё вилоятида529 та, Қорақалпоғистон Республикасида 513 та, Хоразм вилоятида 497 та, Жиззах вилоятида 489 та, Навоий вилоятида 447 тани ташкил этади.

Ажрим ёқасига келиб қолган, лекин яраштирилган оилаларнинг кейинги ҳаётидан доимий хабардор бўлиб туриш мақсадида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари тизимли мониторинг олиб бормоқда.

Маҳаллаларда ёшларни оилавий муносабатларга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини тарғиб этиш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада жонлантириш бўйича айнан шу ҳудудга мос бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Бунда ўша ҳудудлардаги пиру бадавлат, қадимий қадриятларни сақлаб, авлоддан авлодга мерос қилиб келаётган оилалар, катта ҳаётий тажрибасига эга кекса авлод вакиллари, иқтидорли фарзандлар тарбиялаётган, жамият ҳаётида муҳим ўрин тутадиган бобо-бувилар, ота-оналар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.