Ажралиш сўнгги бекат эмас, аммо...
Бугун оиланинг қадри-қиммати, муқаддаслиги анча пастга тушиб кетди, меҳр-оқибат деган тушунчалар анча арзонлашди...
Бугун оиланинг қадри-қиммати, муқаддаслиги анча пастга тушиб кетди, меҳр-оқибат деган тушунчалар анча арзонлашди...
Бахт остоналари нега тезгина вайронага айланиб қолди, нега инсон учун азиз бўлган туйғуларнинг баҳоси арзимас чақага тенг бўлиб бормоқда? Нега биз бахтни ҳимоя қилиш ўрнига ундан воз кечишни афзал кўраяпмиз? Нега чидам ва бардош томонда эмас, енгил ҳою ҳаваслар тарафдамиз? Одамлар нега бир-бирини аямай, эъзозламай яшашга кўникиб бормоқда ва бу бемеҳрлик, беқарорликлар ортидаги кўнгилсизликлар, гоҳида фожиалардан ҳам хулоса чиқаришни билмаётганлигимиз жуда ачинарли.
ОЗОДЛИКДАН АЙИРГАН АЛИМЕНТ МОЖАРОСИ
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўрилган алимент масаласидаги иш материалларида «....аёлга етказган моддий зарари учун» деган иборани ўқиб, бироз таажжубландик. Тўғри, қонунда шундай норма бор. Бунга асло эътирозимиз йўқ. Бундан ташқари, шарқона қадриятларимиз қаерда қолди? Ўз умр йўлдоши ( гарчи у собиқ бўлса ҳам)ни суд ҳукмига топшириш ва энг ачинарлиси арзимаган пул учун унга оғирроқ жазо тайинлашларини қатъий талаб қилиш учун аёл зоти қанчалар тошбағир бўлиши керак!
Қонунларимизни менсимасдан фақат шаръий никоҳ асосида яшаган аёлнинг бундай қонуний талаблар қўйишга қанчалик ҳаққи бор?!
Қонуний никоҳдан ўтмаганларга шаръий никоҳ ўқимаслиги ҳақида имомларга қўйилган талабни инобатга оладиган бўлсак, балким шаръий никоҳ ҳам ўқилмагандир ёки хуфиёна никоҳ ўқувчи имомларимизнинг виждонига ҳаволамикан бу ёғи... Билмадик.
Журналист изоҳи: Суд залидан қамоққа олинган йигит - Мухтор Носировнинг бу ҳаётда омади юришмади. На тайинли оила, на тайинли иш, на тайинли бахтли ҳаёт унга насиб этмади. Пешонаси шўр йигит омадсизликлари аламини ичкиликдан олиб, ўз ёшлигини барбод қилди. Суднинг қора курсисига қайта-қайта ўтиришга мажбур бўлди. Афвлар, кечиришлар, инсонпарварликлар ҳам унга сабоқ бера олмади. Охир-оқибат «тўққиз ой муддат давомида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, жабрланувчи М.Халиловага 3.945.600 сўм миқдорида моддий зарар етказганлиги учун» озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқилиб, суд залидан қамоққа олинди. Ҳукмда «Судланувчи М.Носировдан жабрланувчи М. Халилова фойдасига 3.945.600 сўм ундирилсин » деган жумлалар ҳам бор. Темир панжара ортида бўлса ҳам, албатта бу маблағ ундирилиши муқаррар.
Алимент учун барбод бўлган умр. Яна бир ачинарли факт: Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вилоят наркология диспансерининг хулосасига кўра М. Носиров 2019 йилдан буён «Сурункали алкоголизм 2-босқич, юқори толерантлик фонига доимий ичкиликбозлик формаси» ташхиси билан диспансер ҳисобида туриши ҳамда у сурункали алкоголизм касаллигидан мажбурий тиббий даволанишга муҳтож эканлиги қайд этилган.
Тоғни урса талқон қиладиган ёшда иродасизлиги учун омадсизман, деб ҳамма нарсага қўл силташдан ёмони йўқ. Аммо унинг ҳаёти издан чиққанлигини ҳеч ким эътиборга олмади. На маҳалла, на яқинлари на қариндошлари, на дўсту ошналар унинг тақдири билан қизиқмади. У бора-бора жарга тушди. Аввалида белгиланган алиментни тўлаб берганлиги-ю, кейинчалик тўлаш имкони йўқлиги учун маъмурий қамоқ жазосини ҳам ўтаб чиққанлиги, ҳеч қаерда ишламаслиги учун айни пайтда алиментни вақтинча тўлай олмагани, агар ишга жойлашса албатта барча қарзларини тўлаб бериши ҳақидаги илтимослари, енгилроқ жазо тайинлашларини сўраб қилган илтижолари ҳеч кимни қизиқтирмади, чунки суд кўз ёшларга ишонмайди...
Қўли йўқ, оёғи йўқ айрим инсонлар яшаш учун куч топганда, бахтли бўлиш учун имкон излаганда М. Носиров кабиларнинг қилмишини оқлаб бўлмайди, албатта.
БУГУН НЕГА ФАРМОНБИБИЛАР ЙЎҚ?
Кейинги вақтларда атрофимизда бўлаётган алимент билан боғлиқ воқеалар кўз олдимизда беихтиёр халқимиз севиб томоша қиладиган «Келинлар қўзғолони» кинофильмидаги мана бу саҳна кўринишини гавдалантириши табиий. Эсингиздами, фильмда ҳамма ўғиллар ва келинлар ойлик маошини олган куни Фармон бибига навбат билан топшириб, оила бюджети дафтарига ёздириш саҳнасида келинларнинг бири- Муҳайё билан бўлган диалог бор.
Фармон биби (Муҳайёдан пулни санаб оларкан)
Ҳа-аа, нега бунча кўп, дея сўрайди.
Муҳайё эса:
-Яна алимент юборибди. Мана шу пулга боламга велосипед олмоқчи эдим...дея жавоб беради.
Фармон биби эса: -Алиментини қайтариб юбор. Сенга неча марта айтганман. Бир чақа ҳам олма у аблаҳдан деб. Болани ўзимиз боқиб олдикми, велосипедини ҳам ўзимиз олиб берамиз. Ма, мана бу пулни почта орқали жўнатиб, квитанциясини дарров ўзимга топшир, дейди.
Бу саҳна кўринишида миллатимизнинг ҳар қандай пул, бойликдан устун турадиган кучли ори ва ғурури акс этганлигини кўриш мумкин.
Ҳозирчи... ҳозир нега Фармон бибилар йўқ. Уни ҳозирги алимент можаролари билан солиштирадиган бўлсак, миллатимизнинг орият деган тушунчалардан анча узоқлашганини кўриш қанчалар ачинарли.
Бу билан ажралган аёллар боласи учун алимент олмасин, демоқчи эмасмиз. Аммо баъзи аёлларнинг бунчалик паст кетишини тўғриси, ҳазм қилиш қийин. Қадимда момоларимиз бир этак боласи билан ҳам сариқ чақага тамаъ қилмасдан ўғил-қизларини боқиб, катта қилган, ўқитган, яхши инсонлар қаторига қўшган-ку.
САБР-БАРДОШЛАР ҚАНИ?
Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантирган. Чунки бу робита Аллоҳ таолонинг амри ила, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаламнинг суннатлари ила, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган муқаддас бир риштадир.
Аммо қани шу муқаддас риштанинг ҳаққи- ҳурмати, қани бу ҳаёт синовларидан сабр ва бардош билан ўтишнинг саодати, фароғати?!
Шаръий никоҳ қонуний кучга эга эмаслиги учун оилавий ажримларга монелик камлигини ҳам тан олиш керак. Оила масъулияти йўқолган жамиятда тарбияга путур етиши ўз-ўзидан аён.
Кимларнингдир оила қуриб, бор-йўғи икки йил, бир йил, ҳатто олти ой яшаб ҳам ажралиб кетаётганлиги оила муқаддас, деган тушунчалар энди хом-хаёлми, деган хавотирларни келтириб чиқармоқда.
Авваллари оилавий ажрим эмас, ҳатто турмушга чиққан қизнинг ота-онаси уйига аразлаб келиши ҳам уят саналган. Бугун-чи, бугун? Афсуски...
Бош қомусимизда «Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади» дейилган Тўғри, никоҳ ихтиёрий бўлиши мумкин, аммо уни кўнгилга келган вақтда бузиш, барбод қилиш асло ихтиёрий бўлмаслиги керак. Никоҳ муқаддас деган муқаддас иборага хиёнат қилмайлик. Ҳеч бўлмаса, жондан азиз фарзандларимизнинг кўнглини ўкситмайлик. Ота-она меҳри оғушида яшаш бахтидан уларни мосуво этмайлик. Ахир ҳеч нарса фарзандингизнинг бир дақиқалик қувончига тенг келолмайди, ҳеч нарса дилбандингизнинг бир томчи кўз ёшига арзимайди.
Оилани асраб қолиш, уни ҳимоя қилиш, унинг чиғириқларидан ўтиш ҳам аслида катта санъат эканлигини англаш зарур.
Аввало ҳаётнинг турли имтиҳонларидан ўтишга тайёр бўлмаган йигитми, қизми ким бўлишидан қатъий назар, оила деган остонага қадам қўйишдан олдин пухта ўйлаб кўрсин. Тақдир кимга нимани раво кўради, пешонада ёзилгани шу дея таваккал қилиш ўрнига қизларни ҳам, йигитларни ҳам турмушга тайёрлаш керак. Турмушга тайёрлаш учун хўжакўрсинга дорилфунун-у мактаблар очдик, курслар ишлаяпти, деган ҳисоботларнинг самарасиз эканлигини тан олиш вақти келмадими? Бу саволларга мутасаддилар жавоб берса ёмон бўлмасди.
МЕДИАЦИЯ ИНСТИТУТИ БИЗДА ҚАЧОН ИШЛАЙДИ?
Оилавий масалада шунча муаммолар борлигига қарамасдан нима учун бизда медиация институти ҳалигача оилавий низоларда қўлланилмаяпти? Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги қонуни муомалага медиацияга оид янги тушунчаларни олиб кириш билан бирга жамият ҳаётининг яна бир соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишига қаратилганлигидан нега кўпчилик бехабар? Тўғри, айни пайтда Ўзбекистон низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули, медиациядан фойдаланишнинг дастлабки босқичларини ўтамоқда. Аммо қонунни ҳаётга татбиқ этиш учун яна қанча вақт керак?!
Мазкур янги институтдан оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишга қўлланилса фойдадан холи бўлмасди.
Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация — яраштирув процедураси алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Хулоса шуки, бахтни бахтсизликка айлантирмаслик ҳар кимнинг ўз қўлида. Бир-биримиздан меҳр –шафқатни, яхшиликни дариғ тутмайлик. Ажралиш сўнгги бекат эмас, шуни унутманг!
Шерзод МАМИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси.
Маруса ҲОСИЛОВА,
«Инсон ва қонун» мухбири