Ажойиб якун: Гулжаной Наимова Паралимпиада чемпиони!
Пара-таэквондочимиз Гулжаной Наимова жамоамиз учун “Токио–2020” Паралимпия ўйинларига чиройли якун ясаб берди. Ҳамюртимиз Бразилия вакилига қарши кечган баҳсда ғалаба қозониб, олтин медаль соҳибасига айланди.
Шиддатли кечган жангда Наимова ўзининг аниқ ва ишончли ҳаракатлари билан рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва делегациямиз ҳисобига навбатдаги олтин медални тақдим қилди.
Қайд этиш жоиз, ушбу спортчимиз “Токио–2020” Паралимпия ўйинларида делегациямиз номидан иштирок этган энг сўнгги вакилимиз бўлди. Бир оз аввал пара-енгил атлетикачимиз Муҳаммад Рехсимов F61 тоифасида ядро улоқтириш баҳсларида 6-натижани қайд этди.
Шу тариқа “Токио–2020” Паралимпия ўйинларини Ўзбекистон делегацияси 19 та медаль (8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза) билан якунлади, дейилади Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.