English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аждодлару авлод тили – она тилим, буюк ўзлигимга гувоҳ – доно тилим
18:58 / 2024-10-21

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили – халқимиз учун аждодларимизнинг асл каломи, авлодларга қолдирилган боқий маънавий мерос, миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсолидир.

Мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин тутган бу буюк қадриятни асрлар тўфони тўзғита олмади, қузғунлар ҳужуми енга олмади. Қадим ўзлигимизнинг жонли гувоҳи бўлган метин тилимиз даврлар оша она алласи бўлиб миллат бешиклари узра янграйверди, ёр-ёр садолари билан халққа бахт улашаверди.  

Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган инсонгина буюк ишларга қодир бўлади. Инсоннинг ўз она тилига меҳри – Ватани, миллати, ўзлигига муҳаббатидан униб-ўсади. Маърифатпарвар адиб, жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон оинаи ҳаёти тил ва адабиётдур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” дея таъкидлаган. Дарҳақиқат, тил – миллат руҳи, ғурури ва номусидир. Халқнинг ўз она тилига эътибори миллий ўзлигига садоқатини кўрсатади.  

Барчамизга маълумки, бундан 35 йил муқаддам мамлакатимиз мустақилликка эришиш йўлида энг дадил ва энг шарафли қадамни қўйди, яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бу эса юрт ҳаётидаги юксак воқелик сифатида тарихга муҳрланди.  

Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги муҳим одим сифатида эътироф этилади. Тарихан маълумки, ўзбек тили – туркий тиллар оиласига мансуб, бой адабий хазинаси билан дунё олимларини ўзига маҳлиё этиб келаётган йирик тиллардан биридир. Ўзбек тили тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, орзу-интилишлари, дарду-армонлари ва зафарлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бизнинг аждодларимиз айнан шу тил орқали жаҳон илм-фани тамаддунига муносиб ҳисса қўшган. Буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ушбу тилнинг илмий, бадиий ва адабий имкониятлари нечоғлик кенг эканини инкор этиб бўлмас далиллар билан ифода этган.  

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар қаторида она тилимиз қадри ва нуфузини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳам янги босқичга кўтарилди. Президентимизнинг юксак сиёсий иродаси ва халқпарварлиги, давлат тилига бўлган юксак ҳурмати тилимиз қадрини нафақат мамлакатда, балки жаҳон миқёсида ҳам юқори поғоналарга олиб чиқди.

Яқин давр ичида кўплаб идоравий ҳужжатлар давлат тилига ўтказилди, 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи давлат реестрига киритилди, ҳудудлардаги 150 мингдан зиёд ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилди.

Атамалар комиссияси фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, янги пайдо бўлаётган замонавий тушунчаларга ном бериш, сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш масаласи аниқ илмий мезонлар асосида тизимли йўлга қўйилди. Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими тегишли ҳужжатларнинг давлат тили талабларига мос ва услубий жиҳатдан пухта тайёрланишига хизмат қилмоқда.  

Шунингдек, раҳбарлик лавозимларига номзодларнинг ўзбек тили бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида миллий тест тизими жорий этилиб, қисқа вақт ичида 3 мингдан зиёд талабгорнинг қарийб 1 минг 500 нафарига давлат тилини билиш бўйича сертификатлар берилди.  

Давлат тили асосларини чуқур ва атрофлича ўрганишни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 58 номдаги қомус, луғат ва қўлланмалар кўп минг нусхаларда чоп этилди.  

Эътироф этиш жоизки, ўзбек тилининг истиқболи, том маънодаги барҳаётлиги ёш авлод қалбига она тилига муҳаббат, миллий ғурур туйғуларини сингдириш вазифаларини адо этишда олий таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Бу борада Фарғона давлат университети ҳам нафақат тилимиз фидойиларини камолга етказиш, балки ҳар бир ёшни ўз она тилига садоқатли этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган. Яқинда ЮНЕСКО Бош конфeрeнциясининг 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва ушбу нуфузли халқаро анжуманни юқори даражада ўтказишга муносиб ҳозирлик кўриш вазифалари доирасида Озарбайжон Республикасининг “Одлар Юрду” университетида бўлиб қайтган Фарғона давлат университети делегацияси ҳамкорликда мазкур олийгоҳда халқаро доирада катта тадбир ташкил этди.

Юртимизнинг буюк тарихи, бетакрор тили, дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган улуғ аждодлари, қомусий алломалари, бой маданий мероси, нафис санъати, халқимизнинг миллий қадриятлари, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бемисл ўзгаришларни намоён қилувчи “Ўзбекистон Республикаси тарихи ва маданиятига саёҳат” деб номланган ушбу тадбирда ФарДУ вакиллари нотиқлик санъати, шеърият, мақом сеҳри, миллий куй-қўшиқлар оҳанги билан ўзбек тилининг гўзал имкониятларини озарбайжон халқи мисолида бутун дунёга намоён қилдилар.  

Давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсадида университет миқёсида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирокида кўплаб маърифий тадбирлар ташкиллаштирилиб, она тилимизнинг қадим бой тарихи, давлат тилининг бугунги куни ва истиқболи тўғрисида чуқур фикр-мулоҳазалар, илмий таҳлиллар олиб борилдики, унда иштирок этган талаба-ёшлар ўз сўзлашаётган тилининг қудратини қалбан ҳис этдилар. Бу борадаги ёшлар билан олиб бораётган тарғибот ишларимиз ҳали давом этади. Чунки олийгоҳ жамоасининг ўз олдига қўйган мақсадлари орасида тилига, миллатига, улғаяётган заминига меҳри-муҳаббати бўлган ёшларни тарбиялаш вазифаси устувордир.  

Хулоса қилиб айтганда, тилсиз халқ ва халқсиз тил бўлмаган. Халқ тилнинг тилло бешигида балоғатга етади, тил эса ўз соҳиби бўлмиш халқнинг қалбидан куч олади, унинг ардоғида ўзлигини топади. Тил халқ бирлигининг, халқ эса тил барҳаётлигининг ифодасидир. Шундай экан, ўзбек миллатининг маънавий бойлиги – она тилини юксалтириш, миллий қадрият сифатида эъзозлаш, уни халқаро даражага кўтариш барчамизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори, профессор

ЎзА