Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аждодларимизнинг улкан жасорати қалбларимизда мангу яшайди
21:40 / 2021-04-30

Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Марказий Осиё халқаро институти ва Фанлар академияси ҳамкорлигида “Иккинчи жаҳон уруши Марказий Осиё халқлари тарихи ва хотирасида: воқеалар, иштирокчилар ва рамзлар” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Индонезия дипломатик ваколатхоналари вакиллари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган Россия, Хитой, АҚШ, Италия, Буюк Британия, Германия, Корея давлатларининг ҳарбий атташелари, ШҲТ халқ дипломатияси маркази директори, Марказий Осиё давлатлари олимлари ва экспертлари, ёшлар иштирок этди.

Ушбу тадбир Марказий Осиё халқларининг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси, фронт ортидаги залворли ишларини илмий асосда ўрганиш, кенг жамоатчиликнинг минтақа тарихига қизиқишини ошириш, жангоҳларда матонат кўрсатган қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштириш, буюк аждодларимиз жасоратини ёш авлодга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари Ҳамдам Қаршиев йиғилганларга мудофаа вазири Б.Қурбоновнинг табрик сўзини ўқиб эшиттирди. Уруш даврида катта изтироб чеккан, миллионлаб инсонларини йўқотган минтақа давлатларининг улкан Ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисида фактларга асосланган фикрларни билдирди.

Ўз жонини аямай, фронтда ва фронт ортида туну кун меҳнат қилган мард ва олижаноб ота-боболаримиз олдида ҳамиша таъзимдамиз. Улар кўрсатган беқиёс матонати ва фидойилиги қалбларимизда мангу яшайди.

Тадбирда Марказий Осиё халқаро институти директори А.Носиров минтақа давлатлари уруш йиллари таянч вазифасини ўтаганини таъкидлади.

[gallery-2241]

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан жами 4 миллион киши сафарбар этилган. Улардан қарийб бир ярим миллиони ҳалок бўлди, 780 минг аскар турли орден ва медаллар билан мукофотланди. Шу жумладан, минг нафари “Совет Иттифоқи қаҳрамони”, 250 нафари “Шуҳрат” ордени соҳиби бўлди.

Марказий Осиё давлатлари Ғарбдан эвакуация қилинган 3 миллион фуқарони ўз бағрига олган. Жумладан, 1941-1942 йилларда Ўзбекистонга ўнг минглаб болалар эвакуация қилинди.

Анжуманда қўшни давлатлар ҳамда Россия ва Беларусь дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ўз нутқида таъкидлаганидек, Ғалаба куни унутилмас воқеа сифатида халқларимиз тарихида, онгу шуурида абадий муҳрланиб қолади. Бу бир вақтнинг ўзида ҳаёт тантанаси ва жудолик изтироблари мужассамлашган умумий шонли ўтмишимиздир.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром ва тизимли чора-тадбирлар натижасида ушбу сана мамлакатимизда кенг нишонланиб келинаётгани алоҳида қайд этилди. Марказий Осиё халқларининг уруш ва меҳнат фронтидаги қаҳрамонлигини олий қадрият сифатида эъзозлаш, ёш авлод тафаккурига сингдириш муҳимлиги таъкидланди.

Ушбу анжуман аждодларимизнинг порлоқ ёди ва улкан жасоратини келажак авлод хотирасида мангу сақлаб қолишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.

ЎзА