Қадимда аждодларимиз вақтни қуёш, сув ва қум соатлари ёрдамида аниқлаганлар.
Қуёш соатлари аждодларимизга минг йиллар давомида хизмат қилиб келган. Улар кундалик ҳаётда вақтни аниқлаш воситаларидан бири бўлган. Айниқса, ислом дини кириб келгач, улардан ибодат вақтларини аниқлашда кенг фойдаланилган. Уларни ясаш кишидан фалакиёт, ҳандаса, риёзиёт ва бошқа фанларга оид улкан билим ва амалий тажрибани талаб этган.
Қуёш воситасида вақтни аниқлайдиган бундай асбоб вақт тақсимланишини кўрсатадиган ясси асос ва тик устунча – милдан иборат бўлган. Офтобли кунда очиқ жойда қуёш соати тик устунчасининг сояси рақамларга тушган ва ҳақиқий қуёш вақтини кўрсатган. Қуёш соатларининг бир неча турлари мавжуд бўлган. Қуйида тарихимиздаги қуёш соатлари билан боғлиқ айрим қизиқарли маълумотларни қайд этамиз.
Ўрта асрларда қуёш соатларини ясаш ва уларнинг тузилиши кўплаб олимлар эътиборини ўзига тортган. Шу сабабли ҳам бу соатлар ҳақида бир қанча асарлар яратилган. Масалан, улуғ аждодимиз Муҳаммад Мусо Хоразмий “Қуёш (мармар) соат юзасида соат ясаш” номли асар ёзган. Ўрта асрларда мармар соат дейилганда қуёш соатлари тушунилган. Чунки қуёш соатларининг юза қисми мармардан ясалгани туфайли уларни шу ном билан ҳам аташган. Рисолада қуёш соатининг қандай ясалиши, сояси мил вазифасини ўтовчи тик устунча – гномонни ўрнатиш тартиби тўғрисида сўз юритилган. Ушбу китобнинг қўлёзмаси Истанбулдаги Аё София кутубхонасида сақланмоқда.
Яна бир буюк бобомиз Аҳмад Фарғоний ҳам ўзининг “Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб” номли рисоласини авлодларга мерос қилиб қолдирган. Унда ҳам қуёш ёрдамида вақтни билишга кўмак берувчи ушбу асбобни ясаш борасида сўз борган. Ҳозирги кунда ушбу рисоланинг икки қўлёзмаси мавжуд бўлиб, биринчиси – Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги Қаддур кутубхонасида, иккинчиси эса Қоҳирадаги Қаҳрабон кутубхонасида сақланади. Қуёш соатлари ва вақтни Қуёшга кўра аниқлайдиган бошқа ускуналар ҳақида Абу Райҳон Беруний ўзининг “Соялар” асарида қизиқарли маълумотлар берган.
Аждодларимизнинг фалакиёт борасидаги билимларини янги босқичга кўтарган Улуғбек расадхонасида ҳам улкан қуёш соати бўлган. Самарқандда деярли қуёшли кунларнинг йил бўйи мавжудлиги бу ерда вақтни қуёш соати ёрдамида аниқлашга қулай имконият яратган. Улуғбекнинг шогирди, умрининг охирги кунларини Истанбулда ўтказган Али Қушчи қуёш соати ясаб, Аё София мадрасасига совға қилган.
Тарихчи Тўлқин Худойқуловнинг ёзишича, Қўқон хонлигида Мавлавий чўбин номи билан машҳур бўлган Мавлавий Риштоний 1873 йилда қуёш соатини ясаган. Самарқанддаги тарихий обидаларни тиклаш ишларига бошчилик қилган халқ меъмори Абдуқодир муҳандис (1868–1934) Регистонда тошдан қуёш соатини қурган.
Яқинда Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти олимлари томонидан Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ва расадхонаси ҳовлисига қуёш соатлари ўрнатилди. Ҳар икки қуёш соатининг милига Самарқанд шаҳрининг рамзи – қанотли йўлбарс тасвири туширилган. Шарқ гавҳари бўлган Самарқандга ўрнатилган ушбу соатлар аждодларимизнинг улкан ақл-заковатини ёдга солиб турибди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ, ЎзА