Буюк мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси –ёшлар нигоҳида” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, буюк бобокалонларимизнинг бой маънавий меросини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда ёшларнинг адабиёт, санъат, маданият ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Қуролли Кучлар Академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, талаба ва курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи, генерал-майор Равшан Ҳайдаров бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлоднинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аждодлардан қолган маънавий, миллий адабий мероснинг аҳамияти, ушбу меросни нафақат юртимизда, балки жаҳонда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, бой тарихий меросни билиш ва ундан ибрат олиб яшаш ёш авлодни ҳаёт қийинчиликлари ва турмуш машаққатларига чидамли қилиб тарбиялашини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида иштирокчи ёшлар томонидан буюк бобокалонларимиз бой маънавий мероси – ғазал ва рубоийлардан намуналар ижро этилди. Мавзу доирасида тайёрланган бадиий чиқишлар, турли саҳна кўринишлари, видеолавҳалар иштирокчиларга манзур бўлди.

Гулноза Бобоева, ЎзА