Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аждодлар руҳи раҳнамо бўлгай...
15:37 / 2022-07-05

Бу нохуш хабарни эшитган заҳотим хаёлимдан кечган илк калима шу бўлдики, наҳотки энди бизда ҳам бошланган бўлса?!.

Ва яна шу аснода қорқалпоқ диёрига қилган сафарларим кўз олдимга келди. Юлғунлар, явшанлар, янтоқлар ўсган, туялар, бўталоқлар, сайғоқлар югурган бепоён Уст-юрт даштлари...

Севимли хонандам Маҳмуд Намозов ижросидаги Ибройим оға (Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов) сўзлари билан айтиладиган “Ғозларнинг қанотинда” деган дилгир қўшиқ қулоқларим остида акс-садо бергандек бўлди: “Қийғулаб қуслар тағи, Сап тортип боротирма. Кетгендей жаслиқ шағим, Ғазлардинг қанатинда...” Ва, яширмайман, кўзларимга ёш келди.

Хўш, асрлар давомида бир ота-она зурриёдлари каби яшаб келган халқлар ўртасида фитна қўзғашдан муддао нима? Фақат четда томошабин бўлиб кузатиб туришми? Шунда ғаразли кўнгиллари таскин топадими?

Йўқ, улар асло мақсадларига ета олмайдилар. Этни тирноқдан айириб бўлмайди. Илдизи бир, тили, дини, қадриятлари бир, имон-эътиқодда якдил бўлган халқларимиз бу сафарги оғир имтиҳондан ҳам шараф билан ўта оладилар. Зеро, ҳар бир ёзган ҳар бир сатри, ҳар бир жумласида ўзбек-қорқалпоқ қондошлигини куйлаб ўтишган Ибройим Юсупов, Тўлепберган Қаипберганов каби юрт ойдинларининг, Алишер Навоийдан руҳ ва чўғ олган, Навоийдан савод очдим, дея эътироф этган Бердақ Қарғабой ўғлининг ўлмас руҳлари уларга раҳнамо бўлишига, фитнаю қутқуларга берилмай, оқилона йўл тутиб, бани башар олдида ўзлигини намоён эта олишига ишонаман.

Маккаи мукаррама шаҳри,

2022 йилнинг 4 июль санаси

Юрт ғамхўри керак менга

Навоийдан савод очдим

Қўлимда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти томонидан 1978 йилда чоп этилган қизил муқовали китоб. Унга “Бердақ. Сайланма” деб ёзилган. Бу китобни устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домла нашрга тайёрлаган. Қорақалпоқчадан ўзбек тилига ўгирган. Табиийки, шундан кейин Бердақ бобонинг китоби бошқа таржимон, шоир, адабиётшунос олимлар томонидан ҳам тайёрланиб бир неча бор нашр этилди. Бироқ менга айнан Миртемир домла тайёрлаган китоб жудаям қадрлидир. Бунинг боиси Бердақ деган улуғ шоирни даставвал шу китоб орқали таниганимдан бўлса керак. Сайланма дебочасида Миртемир домла шундай ёзган: “...Бердақ қардош қорақалпоқ халқининг оти ўчмас улуғ шоири ва қорақалпоқ адабиётининг пойдеворига ғишт қўйган улкан сиймодир.” Шу сўзларни ўқийману хаёллар мени Ҳазрат Навоий сари бошлайди:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Навоий бобомиз туркий тилли халқларнинг барчаси учун севимли шоирдир. Туркий тилли халқларнинг ҳар бири Навоийни ўз шоири каби эъзозлайди. Унинг асарларидан баҳраманд бўлишга астойдил интилади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта миллатнинг ўз шоиридек эъзозга, муҳаббатга сазовор бўлиш ҳазил гап эмас. Бунинг учун инсон пок эътиқод, тоза иймон соҳиби бўлиши, ҳалол меҳнат қилиши зарур. Заҳмату машаққатлардан қўрқмаслиги керак. Ватанни, миллатни севиши баробарида унга садоқат билан хизмат қилиши лозим. Фикру ўйида яхшилик, хатти-ҳаракатида эзгулик бўлиши шарт. Ким ҳаётини шу қутлуғ тартибот устида бино айласа, элу юрти уни қадрлайди.

Эшитганим бор, ким бошқаларга яхшилик қилса, билингки, у ўзига яхшилик қилибди. Рост гап. Тарихда бунинг мисоллари кўп. Жаҳон адабиёти тарихига назар ташласак, ҳар бир халқ ўтмишида, унинг ижтимоий-маданий, маърифий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган улкан санъаткорлар бўлганини англаймиз. Улар ўзларининг ҳаётий ва ижодий фаолиятларини ҳамиша халқ тақдири билан бир деб ҳисоблаганлар, ҳар қандай шароитда ҳам элу халқ дарди, орзу-умидларига ҳамдарду ҳамнафас бўла олганликлари учун ҳам буюк ва мангуликка дахлдорлар. Биз буюк мутаффакир Ҳазрати Алишер Навоийни ғазал мулкининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси дея эҳтиром кўрсатамиз. Бу зот бутун ҳаётини сўзга бахшида айлади. Шу йўл билан аввало миллатига, пировардида, бутун инсониятга ҳалол хизмат қилди. Жайдари қилиб айтсак, яхшилик қилди. Мана, неча асрлар ўтса ҳамки, биз турк назми билан оламни якқалам этган устозу пирни бир дам бўлса-да, тилдан қўймай келаётирмиз.

Ўзбек халқи сингари турклар валий шоир Юнус Эмрони, озарлар ошиқ қалам соҳиби Фузулийни, туркманлар ҳазрат Махтумқулини, қозоқлар устоз Абайни, қорақалпоқлар эса халқпарвар, мумтоз ижодкор Бердақни севишади. Уларнинг меросини фахру ифтихор билан ўрганишади, тарғиб қилишади. Яна бир гап, мен ҳозиргина эътироф этганим – ижодкорларни ўзбек халқи ҳам ўз миллатига мансуб шоир каби севиб ўқийди. Бунинг боиси, аввало, туркий адабиёт илдизлари бирлиги бўлса, сўнгра улуғ сўз салафлари инсон қалбини, унинг орзу-мақсадларини куйлаб ўтганларидир.

Катта қалбли ижодкорларнинг ўзидан олдин яшаб ижод этган сўз санъаткорларига, устозларга бўлган эҳтироми, муҳаббати доим юксак бўлиб келган. Улар ўз меҳр ва садоқатларини асарлари орқали айтиб кетишган. Назаримда, уларнинг буюклиги ҳам шунда. Бердақ ҳам замонасининг улуғ сўз салафи сифатида Алишер Навоий, Фузулий, Мирзо Бедил, Фаридуддин Аттор, Махтумқули, Сўфи Аллоҳёр сингари Шарқ мутафаккирлари ижодини мукаммал билган. Бердақнинг асарларида ана шу улуғ устозлардан олинган таълим, билим, тажрибалар хусусида сўз боради:

«Чоркитоб»дан нари қочдим.

Навоийдан савод очдим.

Фузулийдан дурлар сочдим,

Доноларни излар эдим.

Махтумқулини ўқиганда,

Айтар эдим ҳар замонда,

Нуқсон борми беклар анда,

Сўзин дилда сақлар бўлдим.

Бу Бердақнинг машҳур асари «Излар эдим» шеъридан сатрлар. Демак, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳақиқий маънода Бердақнинг адабиёт соҳасидаги илк муаллимидир. Шоирнинг чуқур маънавий эҳтиёжи уни Навоийга, Фузулийга етаклайди, Махтумқулидан баҳра олишга ундайди. Навоийдан дуру гавҳарларни терган Бердақ қорақалпоқнинг “Навоий”сига айландики, бугун унинг ижоди барча туркий халқлар адабиётида алоҳида ўрин эгаллаб турибди.

Бердақ ўзига устоз деб билган замондош шоиру оқинлар билан ҳам яқин муносабатда бўлган:

Бориб сўзимни тинглатдим,

Нуқсонларимни ўнглатдим,

Икки ой уйида ётдим,

Ўлан завқин тотган умрим.

Завқ ҳисси одамзод қалбида муайян вақтда содир бўладиган ҳодиса. Маълум бир кунда, вақтда бу ҳис юракдан тошиб чиқади. Тасаввур қилинг, ушбу сатрларда шоирнинг бутун бир умри ўлан завқига бахшида бўлганлигини англаш мумкин. Шунингдек, Бердақ замонасининг атоқли сўз салафи Кунхўжадан ҳам кўп сабоқлар олган. Кунхўжа ҳузурида шеърларини “тинглатгани”, “нуқсонларини ўнглатгани” шоирнинг сўзга масъулияти нақадар юқори эканлигига далилдир. Назаримда, унинг бу фазилати бугунги қалам аҳли учун ҳам ибрат. Ҳаётини ижод аталмиш улуғ ишга бағишлаган кишилар мумтоз ва жаҳон адабиётини билиш баробарида замондош адибу шоирларнинг ҳам тажрибаларидан хабардор бўлиш жуда муҳим. Бердақ мисралари ҳам шундан гувоҳлик бериб турибди.

Яна бир муҳим сўз, Бердақ асарларининг тили содда, тушунарли. Халқнинг жонли тилига ҳамоҳанг. У кўнглида туғилган мисраларни бўяб-бежаб ўтирмайди. Дарду армонлари, орзу ва изтироблари, мақсаду муддаолари кўнглида қандай акс-садо берса, шу ҳолича тақдим этади. Бу назаримда қорақалпоққа хос феълу атворидандир. Бердақ асарларидаги самимият мана шу. Демак, инсон табиатидаги софлик, ростгўйлик, ҳалоллик, ҳақиқатпарварлик, элсеварлик каби хислатлар табиий равишда унинг лафзига кўчади.

Бердақнинг эл ардоғидаги улкан ижодкорга айланиши сабаби энди аён. У, аввало, донишманд халқнинг асрлар суронидан эсон-омон ўтиб келган ижодини, ўзидан олдин ўтган улуғ сўз салафлари меросини, замондош ижод аҳли асарларини чуқур ўрганган ва улардан ижодий фойдаланган. Айтиш мумкинки, асарларни фақат ўзига хос, яниким, Бердақ бўлиб ёзган.

Бердимурод – Бердақ бўлди

Қардош қорақалпоқ адабиёти билан ўзбек адабиётини айрича тасаввур этиш, ўрганишнинг асло имкони йўқ. Ўтмиши ва бугуни бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган бу икки халқнинг шундай муҳташам ижодкорлари борки, ҳар икки миллат томонидан бир хилда эъзозланади, қадрланади. Халқларимиз Огаҳийю Машрабни, Кунхўжаю Ажиниёзни, Абдулла Орифу Эркин Воҳидни, Ибройим Юсупову Тўлепберген Қайипбергеновни бирдай эъзозлайди. Шубҳасиз, ана шу эъзозу ардоқларга сазовор муҳташам ижодкорлардан бири Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақдир.

Шохида булбул сайраган,

Боғлари гул-гул чаман,

Кун нурлари яшнаган,

Ёруғ дунё керак менга.

Тинч, хушчақчақ, фаровон турмуш бор жойдагина булбуллар хонишини тинглаш мумкин. Шу биргина сатрнинг ўзида шоирнинг тинчликка, фаровонликка бўлган эҳтиёжи сезиладики, шоир яшаган ўз даври нотинч, муҳтожликда ўтганини, юртининг ёвлар қўлига ўтаётганидан ташвишга тушаётгани англаш қийин эмас. Шу биргина сатрнинг ўзиёқ дарахт шохига ўтириб, зулматни-да тобора ваҳимага чулғаётган қора қарға каби қорақалпоқ халқининг бошига ташвиш ёғдирган ўшал қаттол замонларнинг ёвларини бир қур кўз олдимизда гавдалантиради. Бу сатрлардан ҳам англашиладики, Бердақ элу юрт тақдирини ўз тақдири деб билган ва шундай яшаб ўтган. Халқнинг ва Ватаннинг ёруғ келажаги учун қайғурадиган одамлар бўлиши керак деб ҳисоблаган. Вақтлар ўтади, бироқ юртга ва элга бўлган муҳаббат ўзгармайди. Халқни қадрлаган қадр топади. Шоирнинг сатрлари ана шу жиҳати билан ҳам яшовчандир.

Оламда Ватандан азиз ер йўқ. Тақдир тақозоси билан юртдан олисда яшаган зотларнинг фикру хаёли Ватанда бўлган. Улар юрт хаёлидан бир дам айро яшамаганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг оҳу фиғони, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг доду фарёди ҳамон дилларни ўртаб келмоқда. Бироқ бандаи ожиз не чора кўрсинки, уларнинг пешоналарига битилган битик – тақдири илоҳий шундай бўлган бўлса. Бердақ Ватаннинг, элнинг азизлигини шундай содда ва теран ифодалайдики, кишининг юрту элга бўлган меҳру муҳаббати янада юксалади.

Ишни ишла туғилгансан эл учун,

Жонингни аяма одил эр учун,

Киндик қони томган азиз ер учун,

Ўлиб кетганингча хизмат яхшироқ.

Шоир Бердақ покиза эътиқод соҳибидир. Унинг сатрлари қатидаги моҳият шундан хабар беради. У ҳақ сўзни айтишни, росгўйликни улуғ фазилат деб билади. Ватан ва халқ манфаати учун доим киши ҳалол ва ростгўй бўлишини истайди. Аммо замон у ўйлагани каби бўлмай, фитнаю фасодларга дуч келаверишини изтироб билан айтади. Ундан кейин шоир адолат масаласига жиддий эътибор қаратади. Кишиларда мурувват, хайру саховат камёб бўлиб бораётгани унинг кўнглига озор беради.

Бердимурод – менинг ўзим,

Кунхўжани кўрди кўзим,

Ҳожиниёзга етган сўзим,

Улар ҳам шод бўлган эмас.

Бу сатрларни ўқиб, ўзинг кўриб-билиб турган баъзи изтиробли ҳодисалар кўз ўнгингда намоён бўлади. Бугун бутун инсоният бошида оғир мусибатли кунлар ҳукм сурмоқда. Афсуски, бу ҳолатлар бизнинг Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Шу кунларда барча халқлар қатори бизнинг халқимиз ҳам иродаси тобланмоқда. Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари билан халқимиз учун кўп эзгу ишлар қилинди. Халқимизнинг оғирини енгил қилиш истагида кўп хайрли ишларга қўл урилди. Бироқ ана шу кўмак ва ёрдамларга, кишиларнинг саломатлиги учун ажратилган маблағларга баъзи бир нафсига қул кишилар кўз олайтиришди. “Нафснинг ўрадай очгани, обрўйининг ҳам қочгани”, дер экан, шоир ана шундай кишиларни назарда тутган бўлса керак. Бундай кишиларнинг қийинчилик кунларида халқ, Ватан корига яраш ўрнига бундай ноинсофлик иш қилишлари қалбларга қаттиқ ботди. Ибратли сўзлардан баҳраманд бўлар экансан, дунёнинг разил иллатлари поён топармикин, деган ўйларга борасан. Бироқ шу дамда шоирнинг умидбахш сатрлари хаёлингга келган ўйларни гард ғубор сингари ҳаволарга совуриб юборади. Ва кўнглингда асл ҳақиқат қарор топади. Бердақ сатрлари ҳақиқий маънодаги яшаш дастурини шундоқ кўнглингга сингдириб қўяди. Энди сен биласан, ҳақиқат ғолиб, хайру саховат, муҳаббат, адолат, ҳалоллик асло мағлуб бўлмайди.

Йигит кирмас фосиқларнинг сўзига,

Асло тушмас манманликнинг изига,

Ғайрат бериб ўлгунича ўзига,

Хизмат этар мудом қондош халқ учун.

Бердақ улуғ салафлар ижодидан баҳраманд бўлар экан, улардан сўз санъатини, заргарлигини ўзлаштирди. Мумтоз сўз санъати унинг ижодида халқона тарзда намоён бўлди. Мазкур тўртликнинг биринчи ва иккинчи сатрида салбий сифатлар (фосиқ, манманлик) тилга олинса, қолганларида ижобий ҳолат муносабати билан эзгу тушунчалар (ғайрат, хизмат) тилга олинади. Ана шу қаршилантириш сифати шеърнинг таъсирчанлигига хизмат қилган. Элига, юртига хизмат қилган одам ҳеч қачон камлик кўрмайди. Ёмғир билан ер, дуо билан эр кўкаради, деган нақл бор. Шоирнинг бу мисраларида ана шу ҳақиқат бор моҳияти билан сингишиб кетган. Зотан, муқаддас китобларда, улуғ зотларнинг битикларида яхшилик қилиш ҳикмати хусусида такрор-такрор айтилгандир. Бу қутлуғ ғоялар шоир сўзларига асл моҳияти, ҳикмати билан уйғунлашиб кетган.

Шарқ шеъриятида ҳасби ҳол яъниким, таржимаи ҳол характеридаги асарлар, манзумалар жуда кўп. Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Муҳаммадризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат сингари ижодкорларнинг асарларини ўқиган китобхон буни яхши билади. Тасаввуф шеъриятининг улкан намояндаси, умр бўйи ҳикмат сўйлаган шоир Аҳмад Яссавийда шундай мисралар бор:

Мен йигирма саккиз ёшда ошиқ бўлдим,

Кеча етмай, меҳнат тортиб содиқ бўлдим,

Ондин сўнгра даргоҳига лойиқ бўлдим,

Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Бу ҳикмат валий шоир ҳаётидан бир лавҳа. Бердақ ижодида ҳам шундай мазмундаги шеърлар бор. Улар фақат Бердаққа хос оҳангларда жаранглайди ва юракларда акс-садо беради. Шулар орасида “Умрим ва кунларим” асари чин маънода Бердақнинг умр йўлларидан ҳикоя қилади:

Оғажонлар, тинглангиз сўз,

Мен шўрлига ташлангиз кўз,

Ўтди-ку, йигирма тўққиз,

Келгинди бўлган кунларим.

Шу шеърда яна шундай мисралар бор:

Умр бўйи ёндим, куйдим,

То ўлгунча юртни суйдим,

Эл деб кўздан дарё қуйдим,

Эл ғамида ўтган умрим.

Бердақ кўп шаҳарларга саёҳат қилди. Халқ ҳаёти билан яқиндан танишди. Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари – Урганч ва Бухорони зиёрат қилиб, қадимий ёдгорликлар билан танишди. Таассуротлар эса асарларига кўчди.

Бердақ доимо Ватан ҳурлигини ўйлади, эл ғами билан яшади. Халқнинг фаровон ҳаёт кечириши истагида ўртанди:

Чангалда қолган булбулнинг,

Чумчуқча ҳам шони бўлмас...

Шукрлар бўлсинким, бугун шоирнинг жаҳон хазинасини қўлига олиб, уни халқ йўлида сарф этишни ўйлаб, менга ҳам давлатли инсон умрин бер, дея чеккан нолалари рўёбга чиқди. Юрт обод, халқ эса фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ҳақиқий шоирларнинг эса бундан бошқа орзуси бўлмайди.

Бердақнинг“Ақимбет”, "Шажара”, "Ойдўс бобо”, "Амангелди”, "Эрназарбий”, "Хоразм” сингари достонларининг муҳташам ижодкор эканлиги далилидир. У бу асарлари билан қорақалпоқ халқининг XIX асрдаги ҳаёти, турмуш тарзини кўрсатиб беролган. Ўша даврда Оролбўйидаги мавжуд сиёсий-ижтимоий, маданий муҳитни ўрганишда Бердақ асарлари муҳим ўрин тутади. Шу боис Бердақ бутун умр инсонпарварлик, тенглик, сахийлик, адолат, ватанпарварлик, меҳр-шафқат, қаҳрамонлик ва мардлик, миллий озодлик ва ҳақиқат учун кураш, меҳр-муҳаббат каби умуминсоний ва миллий қадриятларни куйлаб ўтди.

Мен ўлмасман, ўлсам сўзим қолгуси

Бердақ, мен ўлмасман, ўлсам сўзим қолгуси, халқим мени мудом ёдга олгуси, дейди. Бу шоирнинг ўз ижодига оид нурли башоратидир. Ҳақиқий ижодкорларнинг асарлари ҳеч қачон ўлмайди. Уларнинг ёзганлари худди бугун ёки кеча ёзилгандек кишилар қалбига нури зиё таратиб тураверади. Бердақнинг “Мард йигитни агар севса элати, кундан-кунга ортар унинг қуввати”, “Қайғунг тарқар ботир билан, мард билан”, “Султон бўлма ёт элинда, чўпон бўлгин ўз чўлингда”, “Одам боласига зийнат номус-ор” деган сўзлари ҳикматли сўз, бир мақол янглиғ ўқувчини ҳамиша огоҳликка даъват этиб тураверади.

Хушовоз хонанда Қодир Мирашуров куйлаган “Ёруғ дунё керак менга” номли қўшиқ айнан мустақиллик йилларида сўз ва мусиқа уйғунлиги, ижро маҳорати сабабли тингловчилар юрагидан чуқур жой олди.

Кўпчилик бу қўшиқни шеър Бердақ қаламига мансуб эканини билмасданоқ севиб қолди. Бунинг сабаби нимада? Шеърда фалсафанинг теранлиги, оҳангнинг самимийлиги, юрак изҳорининг табиийлиги мужассам. Шеърда эл-юртга хизмат қилиш саодати юксак бадиий маҳорат билан тараннум этилмоқда. Мана гап нимада? 1827-1900 йилларда яшаб ижод қилган Бердақнинг шеърларига басталанган мусиқий асар бугун навқирон ўзбек ёшларининг севимли қўшиғига айланмоқда. Менимча, бадиий асарнинг умрбоқийлиги шоир умрининг абадийлигига яққол мисол бўлади.

Бердақ шеърларини таржима қилиш бугун ҳам давом этмоқда. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон Бердақнинг биз юқорида мисол келтирган шеърини шундай таржима қилган:

Мард бўлиб белин бойлаган,

Жонини фидо айлаган,

Халқнинг ғамини ўйлаган

Юрт ғамхўри керак менга.

Худди Бердақ бундай юз йиллар аввал бугунги кунларни кўриб тургандай ёзгани бизни ҳайратга солади. Ҳа, Юрт ғамхўри керак! Халқининг ғамини ўйлаган йўлбошчи бўлса, эл-юрт саодатли бўлади. Бугун Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган “Саховат ва кўмак” ҳаракатини қаранг, махсус фармон билан 400 мингдан ортиқ оилага моддий ёрдам берилганини қаранг, мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини, барпо этилаётган замонавий шаҳарларни, турар жой биноларини қаранг, Мўйноқдаги мўъжизаларни қаранг. Шоир юртнинг ана шундай ғамхўрини назарда тутган.

Демак, бугун ҳам Бердақ ижодига кўнглимиз эҳтиёжи бор. Шу маънода, Миртемир домла издошларини шоирнинг ҳали ўзбек тилига ўгирилмаган асарлари кутиб турибди. Албатта, адабиётшунослар қамишдан бел боғлаб Бердақ асарларидаги ҳаётбахш ғояларни замона руҳидан келиб чиққан ҳолда талқину тадқиқ этишларига ишонаман. Аслида Бердақнинг Адиблар хиёбонидаги ҳайкалида ана шу эзгу мақсадлар ҳам қад ростлаб турибди. Авлодларга йигирма минг мисрадан зиёд шеър, достонларни мерос этиб қолдирган ижодкор ҳамма даврларда эъзозланишга муносибдир. Бердақ адабий мероси фақат ўзбек ва қорақалпоқнинг эмас, балки барча туркий халқларнинг ҳам улкан маънавий хазинаси бўлиб қолаверади. Қорақалпоқ эли билан қондош, жондош эканлигимизни ҳисобга олсак, Бердақнинг ижодини теран ўрганишга ва тарғиб этишга ҳар доим масъул эканлигимизни яна бир бор англаймиз.

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

раиси ўринбосари, шоир.