Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аждодлар мероси – маънавий қудрат манбаи
16:51 / 2026-01-23

Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини чуқур ўрганиш ва ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур изидан” номли кўрик-танловнинг округ босқичи ўтказилди.

Мазкур кўрик-танлов нафақат билимлар беллашуви, балки тарихий хотирани эъзозлаш, миллий ўзликни англаш ва аждодларимиз қолдирган бой илмий-адабий меросга ҳурмат ифодаси бўлди. Буюк саркарда, давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси орқали ҳарбий хизматчилар қалбида жасорат, фидойилик, илмга чанқоқлик ва Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш ғоялари янада мустаҳкамланди.

Кўрик-танловда ҳарбий хизматчилар уч шарт асосида Бобур ҳаёти ва фаолияти, унинг "Бобурнома" асаридаги тарихий, маънавий ва ҳарбий-стратегик қарашлари, шунингдек, буюк аждодимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси бўйича билим ва салоҳиятларини намойиш этишди. Мусобақалар давомида ҳарбий хизматчиларнинг нафақат назарий билимлари, балки мантиқий фикрлаши, нутқ маданияти, ижодий ёндашуви ва жамоа билан ишлаш кўникмалари ҳам синовдан ўтказилди.

[gallery-27273]

Бугунги глобаллашув шароитида ёш авлодни тарихий илдизларга содиқ, мустақил фикрлайдиган, ҳар қандай таҳдидга қарши маънавий жиҳатдан тайёр шахслар этиб тарбиялаш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, мазкур кўрик-танлов ҳарбий хизматчиларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни аждодлар жасорати ва донишмандлиги билан илҳомлантиришга хизмат қиладиган муҳим маънавий лойиҳа сифатида эътироф этилди.

Танлов якунида билимга бўлган интилиши ва маънавий етуклиги юқори баҳоланиб, фаол иштирок этган жамоа ва ҳарбий хизматчилар вазирлик босқичида иштирок этиш йўлланмаси ҳамда дипломлар билан тақдирланишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари