ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Президент мактабида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Қорабайир отлари маҳорат мактаби ҳамда Ўзбекистон камондан отиш федерацияси вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида “Аждодлар мардона руҳи бизга ёр!” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари – фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон адабиёт ва санъат журнали бош муҳаррири Салим Ашур, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева, мактаб ўқувчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-14428]
Тадбирда миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган қорабайир зотли отлар, миллий ва замонавий от спорти турлари ҳамда спортнинг камондан отиш тури бўйича батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида миллий ифтихоримиз саналган қорабайир отлари, чавандозликнинг ёшлар маънавиятига тутган ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб, Сурхондарё вилоятида Чавандозлар мактабини очиш бўйича топшириқ берган эди. Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси асосида Миллий гвардия ҳузурида ташкил этилган Қорабайир отлари маҳорат мактаби ёш авлод чавандозларини тарбиялаш, миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш йўлида фаолият юритмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА