Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аждодлар изидан” интеллектуал ўйини ғолиблари аниқланди
14:22 / 2025-06-05

Пойтахтимиздаги “Заковат арена”да Ёшлар иттифоқи ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбий қисмлар ва олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий хизматчилари ва курсантларидан таркиб топган жамоалар ўртасида “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар тизимида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш, Қуролли Кучларимиз таркибида хизмат фаолиятини олиб бораётган ёш ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда жамоалар Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат”,  Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони”, Кайковуснинг “Қобуснома”, “Рустамхон” достони ҳамда “Жадидлар” тўплами китобларидан тузилган саволларга тез ва аниқ жавоб бериб, қизғин баҳсларга киришди.

Интеллектуал ўйиннинг якуний натижаларига кўра, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин ҳарбий қисмнинг “Интеллект” жамоасига, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Халоскорлар” жамоасига берилди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин Ички ишлар вазирлиги академиясининг “Юристлар” жамоасига, Миллий гвардия тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин ҳарбий қисмнинг “Амир Темур” жамоасига, Божхона қўмитаси тизимидаги муассасалар ўртасида 1-ўрин Божхона институтининг “Ёш божхоначилар” жамоасига ҳамда ДХХ тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин “Лочинлар” жамоасига насиб қилди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА