English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ажал ёмғири остидаги Навоийхонлик
15:32 / 2021-12-13

Ёхуд Ленинград қамали пайтида Алишер Навоийнинг 500 йиллиги қандай нишонланган эди?

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида Буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда Ўзбекистон ва Россиянинг бир гуруҳ тарихчи, шарқшунос олимлари иштирок этди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Қаҳрамони, олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги консули Алишер Бобоев, навоийшунос олимлардан Шуҳрат Сирожиддинов, Афтондил Эркинов, Султонмурод Олим, Олимжон Давлат, Буробия Ражабова, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова ва бошқалар Навоий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, унинг инсонпарварлик ғоялари, навоийшунослар жасорати хусусида сўз юритишди. Буюк мутафаккир ижоди асрлар давомида бутун инсониятни эзгуликка, тинчлик ва дўстликка даъват этиб келган. Шу боис, энг оғир дамларда ҳам Алишер Навоий мероси инсонлар қалбида ёруғ кунларга умид уйғотган. 1941 йилнинг 10 декабрь куни Иккинчи жаҳон урушининг энг мудҳиш дамлари, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) даҳшатли қамал исканжасида қолган пайтларда Эрмитажда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан илмий-анжуман ўтказилган.

ҚАМАЛДА ҚОЛГАН ШАҲАР
Маълумки, Адольф Гитлер бошчилигидаги нацистлар 1941 йилнинг 22 июнида собиқ Совет Иттифоқига ҳужум бошлаган. Гитлернинг режасига кўра, биринчи навбатда Ер юзидан йўқ қилиниши керак бўлган совет шаҳарларидан бири шубҳасиз Ленинград эди. У катталигига кўра, иттифоқнинг иккинчи йирик шаҳри саналар, бу ерда уч миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиларди. Ленинград иттифоқнинг ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган марказларидан ҳисобланарди. Шу боис ҳужумнинг дастлабки кунлариданоқ Ленинградни эгаллаш ва уни ер билан яксон қилишга киришилади. 1941 йил 8 сентябрдан бошлаб, шаҳар фашистлар ва уларнинг иттифоқчилари томонидан қуршовга олинади. Аммо ленинградликлар сўнгги томчи қонлари қолгунча шаҳарни ҳимоя қилишга бел боғлашади. Қамал шароитида шаҳарда аҳвол кун сайин оғирлашиб борар, ҳар куни душман кучларининг ҳаво ҳужумлари оқибатда ўнлаб инсонлар ҳаёт билан видолашарди. Айни 1941 йилнинг қиш кунлари бошланиши билан аҳвол янада оғирлашади. Шаҳардаги озиқ-овқат захиралари тугаб борар, жон бошига бир неча грамм нон берилар, канализация, электр ва иссиқлик таъминоти тамомила издан чиққанди. Биргина ўша йилнинг декабрь ойида 50 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари очлик қурбонига айланади.

1941 ЙИЛ, 10 ДЕКАБРЬ... 
Ғарбий Европада Иккинчи жаҳон уруши тобора аланга олаётган бир пайтда 1941 йил 12 март куни Низомий Ганжавийнинг 800 ҳамда Алишер Навоийнинг 500 йиллигини нишонлаш ҳақидаги ҳукумат қарори имзоланган эди. Ленинград даҳшатли қамал исканжасида қолганига қарамасдан, буюк мутафаккирлар таваллуди нишонланаверади. Жумладан, Навоий ижодига бағишланган кечалар Ленинград зиёлиларининг ўзига хос жасорат намунаси бўлди. 10 декабрь куни Эрмитаж биносига таклиф қилинган шоир ва олимлар, рассом ва зиёлилар очликдан аранг қадам ташлаб, Навоийнинг 500 йиллиги юбилейига етиб келишади. Ленинград Фарфор заводи рассоми Михаил Мох Эрмитажнинг совуқ хоналаридан бирида, милтиллаб ёнаётган печь қаршисида ўтириб, Навоийнинг 500 йиллигига бағишланган чинни идишларга расм соларди. Бу идишлар ҳозиргача Эрмитажда сақланади. Фашистлар шаҳарни дамба-дам тўпга тутишар, бомба ёғдиришар, ҳар дақиқада очлик ва ҳужум сабабли ўнлаб инсонлар ўлимга рўбару келарди.

 Буюк мутафаккир Навоий таваллудининг 500 йиллиги тадбирларида И.Орбели, Н.Лебедев, Е.Бертелс, Б.Пиотровский. И.Крачковский, В.Рождественский сингари буюк олимлар ва адиблар иштирок этишган. Ушбу тадбирда машҳур шарқшунос олим Иосиф Орбели шундай деганди. «Бугун жуда мураккаб бир пайтда Навоий таваллудини нишонлаяпмиз. Душманлар шаҳарни мажолсиз ва жонсиз деб ўйлаётган бир пайтда бу тадбирнинг ўтаётгани халқнинг мардона руҳидан, унинг букилмас иродасидан дарак беради. Биз, албатта, ғалаба қозонамиз ва тинчлик шароитида Навоий таваллудини муносиб тарзда нишонлаймиз. Аммо душман замбараклари остида ўтаётган бу тадбир инсон хотирасида абадий қолади. Ҳеч нарсага қарамасдан шеърият яшайверади ва уни ҳеч қандай куч мағлуб этолмайди. Биз ҳар доим унинг мафтункор оламига кириб бораверамиз». Очлик ва ўлим исканжасида Тасаввур қилинг, ана шундай мураккаб, даҳшатли кунларда, очлик ва ўлим хавфи бутун шаҳарни исканжага олган бир пайтда санкт-петербурглик олимлар Навоий таваллудини нишонлашган. Орбели нутқ сўзлаётганда икки марта кучли портлаш юз беради, ҳамма деразага қарайди. Фашистларнинг иккита бомбаси Нева дарёсига келиб тушганди. Аммо шунга қарамасдан одамлар йиғилишни тарк этишмайди, шеърхонлик давом этади. Ахир бу чинакам қаҳрамонлик эмасми? 

– Дунёнинг исталган бурчагида Ўзбекистонга оид осори атиқаларни топиш мумкин, – дейди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Хусусан, буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий адабий меросига ҳар доим, ҳар ерда алоҳида эътибор ва эҳтиром билан қаралади. Очиғи, Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли дамларида ҳам Навоий меросига муносиб эҳтиром кўрсата олган ленинградлик олимлар жасорати таҳсинга сазовор. Бугунги тадбирлардан кўзда тутилган асосий мақсад эса, ана шу мероснинг аҳамиятини яна бир карра намойиш қилишдан иборат. Олимларимиз россиялик ҳамкасблари билан танишиб, тажриба алмашишди, Санкт-Петербургдаги нодир қўлёзмалар ҳақида маълумот олишди, шу билан бирга, бугунги Россияда Навоий меросини ўрганиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида тушунчага эга бўлдик.

– Очлик, муҳтожлик, қаҳратон совуқ, турли касалликлар бутун шаҳарни исканжага олганди, – дейди Эрмитаж раҳбари Михаил Пиотровский. – Марҳум отам Борис Пиотровский ўша йилларда Эрмитажга раҳбарлик қилган, ундан қамал даҳшати, ўша пайтда бу ерда ўтказилган навоийхонлик ҳақида кўп эшитганман. Шаҳар фашистлар томонидан қамалга олинган, душман ҳар лаҳзада шаҳар устига ажал ёғдириши мумкин эди. Аммо, олимлар Навоийга бўлган ҳурмат туфайли ўз жонини хатарга қўйиб бўлсада, мажлисга етиб келган. Ўшанда бутун шаҳарда чироқ ўчган бўлсада, Эрмитажда электр таъминоти узилмаган. Нева дарёсидаги бир пайтлар императорга тегишли бўлган «Қутб юлдузи» яхтасидан ток улаб, Эрмитажнинг чироқлари ва муфель печларини ёқишган. Олимлар очликдан силласи қуриган бўлсада, аранг оёқда туриб, Навоий ижоди хусусида мулоҳазаларини билдиришган, рус тилига таржима қилинган шеърлари ўқиб берилган.

Таржимон Николай Лебедев орадан икки кун ўтиб, Эрмитажда такроран ўтказилган навоийхонлик кечасида, Навоийнинг шеърларини шивирлаб туриб, очлик, касаллик ва ҳолсизликдан вафот этган.

2021 ЙИЛ, 10 ДЕКАБРЬ... 

...Яна Санкт-Петербург, яна қишнинг изғирин кунларидан бири. Яна Эрмитаж ва навоийхонлик. Фақат орадан саксон йил ўтган. Уруш, очлик ва қамал шаҳарнинг унутилмас, қонли ва шонли ўтмишига айланган. Шаҳарни оппоқ қор қоплаган, не-не суронли кунларнинг гувоҳи бўлган Нева ҳам муз кўрпаси остида сокин мудрайди. Аммо шаҳарда ҳаёт қайнайди. Буюк шоирнинг 580 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бу галги тадбир тинч ва осойишта шароитда, файзли ва тароватли кечди. Навоий ижодидаги инсонпарварлик ғоялари, Россияда сақланаётган Навоий қўлёзмалари, Ҳирот адабий муҳити ҳақида маърузалар ўқилди. Рус ва ўзбек тилларида Алишер Навоий ижодидан намуналар тингланди. –Бу сафар биз, навоийшунослар учун ҳам ғоят фойдали бўлди, – дейди филология фанлари доктори Афтондил Эркинов. – Саксон йил олдин ўтказилган Навоий юбилейи хусусида эшитгандик, аммо бу ерга келиб, ушбу тадбир ана шундай мураккаб шароитда ўтказилиши чинакам мардлик, Навоийга, адабиётга бўлган беқиёс эҳтиром намунаси бўлганини тушуниб етдик. Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросида Навоий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди. 
 

Рустам ЖАББОРОВ,
Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент. 
ЎзА