Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда Озарбайжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик таваллудига бағишланган “Азалий дўстлик – абадий дўстлик” маънавий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов очиб берар экан, икки қардош халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкам тарихий, маданий-маърифий илдизларга асосланишини таъкидлади.
– 2022 йил 21 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан юртимизга келган эди, – деди Минҳожиддин Мирзо. – Айнан ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқаларининг янги саҳифаси бўлди. Озарбайжон Президентининг давлат ташрифи Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилишидан бошланган эди. Мазкур ташриф Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг садоқатли дўсти Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўчанинг очилиш маросимидан бошлангани катта рамзий маънога эга. Ҳайдар Алиев ХХ асрнинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси сифатида тарихга кирди.
Анжуманда икки халқ дўстлигини намоён этувчи видеороликлар, мусиқий дастурлар намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА