Узумчилик — ота-боболаримиздан мерос, асрдан асрга ўтиб, сайқалланиб, ривожланиб келаётган деҳқончилик анъаналаридан бири. Деярли ҳар бир ҳовлида мавжуд бўлган узум токлари сўриларда ястаниб, кўрк тўкиб, шиғил узумлари билан кўзни қувнатади.
Эсимни таниганимдан биламан — ҳовлимизнинг олди, орқаси, ёнбошларида баланд узум токлар гуркираб, турли навдаги узумлар солиб ётарди. Қоқ қишнинг ўртасида ҳам шифтга илиб, ғамлаб қўйилган узумларимиз бўлар эди. Тойфи узумдан қилинган майизларни қиши билан ер эдик. Отам ўзлари ўқитувчи бўлсалар-да, деҳқончиликдан, боғдорчиликдан яхшигина хабарлари бор, буни бутун қишлоқ билади. Айниқса, токни парваришлаш, хомнарт қилиш, қайси пайтда дори сепиш ва ҳоказо сир-асрорларининг ҳадисини олганлари сабаб кўпчилик қишлоқдошлар, қариндошлар “домла, токимизни хомнарт қилиб беринг”, деб келишар ёки маслаҳат сўрашар эди. Қариндош-уруғнинг тўй-маъракаси, йиғинларига, албатта, челаклаб узум бериб юборилар эди. Узум етиштириш жараёнини кўриб улғайганим сабаблими узумчиликка меҳрим, эътиборим бўлакча...

Бугун бозорларимиз расталарини тўлдириб турган, ғарқ етилиб пишган, шираси томоқни қитиқлайдиган хилма-хил навдаги узумларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Бугун аграр соҳадаги изланишлар, инновацион ёндашувлар натижасида серҳосил, кўп вақтга чидайдиган, экспортбоп узум навлари яратилмоқда ва амалиётга жорий этилиб, мўл ҳосил олинмоқда. Ёз бошидан то кеч кузгача, ҳатто қаҳратон қиш ва кўклам чоғида ҳам дастурхонларимиздан турли-туман навдаги узумлар аримай қолди, бозорларимиздан, савдо комплексларидан эрта баҳор пайтида ҳам, албатта, сарҳил узумлар топилади.
Узум юракка қувват бўлади
Шу ўринда узумнинг инсон организми учун фойдалари ҳақида айтмасак бўлмас. Узум меваси А, Е, С, В6 витаминларига бой, калий, кальций, темир, фосфор, магний ва селен моддалари ҳам талайгина. Ушбу фойдали витамин ва моддалар юракка қувват бўлади, иммунитетни мустаҳкамлайди, иштаҳани яхшилайди.
Қора узум нави буйрак ва жигарни тозалайди, уйқусизлик, иштаҳа йўқолишида фойда беради. Ҳусайни нави эса ўт пуфагида тош йиғилишини бартараф этади, пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Хуллас, узумнинг ҳар бир нави инсон организми ва саломатлиги учун кони фойда.
Соҳада қандай натижаларга эришилмоқда?
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун деҳқончилик ва боғдорчилик йўналишларида ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, узумчилик борасида ҳам натижалар кўлами йилдан-йилга ортиб боряпти. Узум етиштирувчи деҳқон ва фермерлар сафи кўпайиб, токзор майдонлар ҳажми кенгаймоқда.

Бунинг самарасида Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь–июнь ойларида республикамиздаги барча тоифадаги хўжаликлар томонидан жами 56,3 минг тонна узум етиштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,8 фоизга ўсган. Жумладан, фермер хўжаликлари томонидан 31 минг тонна, деҳқон ва томорқа хўжаликларида 24,4 минг тонна, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар томонидан 0,9 минг тонна узум етиштирилган.
Ҳудудлар кесимида етиштирилган узум ҳажми Сурхондарё вилоятига 15,6 минг тонна, Наманган ва Қашқадарё вилоятларига 8 минг тоннадан, Бухоро вилоятига 6,7 минг тонна, Самарқанд вилоятига 4,9 минг тонна, Фарғона вилоятига 3 минг тонна, Навоий вилоятига 2,9 минг тонна, Андижон вилоятига 2,4 минг тонна, Тошкент ва Хоразм вилоятларига 1,4 минг тоннадан тўғри келади.

Мамлакатимизнинг узум экспорт қилиш бўйича салоҳияти ҳам йилдан-йилга ошиб бораётгани қувонарли ҳол. Хусусан, Ўзбекистон 2025 йилнинг январь-июль ойларида 67 та давлатга қиймати 98,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 84,1 минг тонна узум (қуритилган узум, яъни майиз билан бирга) экспорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 51,6 минг тоннага ёки 2,6 баробарга ошган.
Жумладан, жорий йилнинг 7 ойи давомида энг кўп узум етказиб берилган давлатлар қаторига қуйидагилар киради: Россияга – 23,8 минг тонна, Қозоғистонга – 17,7 минг тонна, Хитойга – 15,1 минг тонна, Туркияга – 3,5 минг тонна, Грузияга – 2 минг тонна, Эронга – 1,9 минг тонна, Беларусь Республикасига – 1,9 минг тонна ва бошқа давлатларга – 18,1 минг тонна узум (майиз билан бирга) етказиб берилган.
Бу рақамлар серқуёш заминимизда етиштирилаётган узум ва майизга бўлган талабнинг юқори эканидан далолат беради. Зеро, Ўзбекистоннинг жойлашган географик ўрни мева-сабзавотларимизнинг ўзгача таъмга эга бўлиши ҳамда фойдали минерал ва витаминларга бойлигини таъминлайди. Шу боис ҳам нафақат узум, балки барча турдаги мева-сабзавотларимиз дунё бозорида харидоргир.
Бозор расталари оралаб юрар эканман, иштаҳани очувчи, сарҳил узумларни кўриб, болалигимдан бошлаб кўриб-кузатиб келганим ток экиш, парваришлаш, узумларнинг ҳосил қилиши, етилиши, баланд сўрилардан узиб олиб жойида ейиш, дастурхонга тортиш жараёнлари бирма-бир кўз ўнгимдан ўтади...
Азалий деҳқончилик анъаналаримиз бугунги замон тараққиёти баробарида янада сайқал топиб, ривожланиб бораётгани, иқтисодиётимиз таркибида ўз ўрнига эга экани узумчиликнинг ҳадисини олган деҳқон ва фермерлар, илмий тадқиқотчилар ва албатта, узум далаларида меҳнат қилаётган оддий ишчиларнинг меҳнатлари самарасидир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА