Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Азалий адабий ҳамкорлик
22:27 / 2023-05-27

Қадим илдизларга эга Ўзбекистон – Хитой адабий-маърифий алоқалари XX асрнинг иккинчи ярмида ўзига хос тарзда, изчил ривожланиб, икки халқ адабиёт вакиллари ижоди орқали яққол намоён бўлди.

Айтиш жоиз, хитой ва ўзбек адабиётидаги ўхшашлик сўз санъатининг қадимий анъаналарига таяниши, теран фалсафий руҳи, миллийликка асосланиши, халқчиллигида акс этади. Шунданми, давр, замон силсиласи қандай кечмасин, адабий алоқалар тобора равнақ топди, бир-бирини бойитди, китобхонларни икки халқ адабий жамоатчилигида кечаётган ижодий жараён билан муттасил таништириб борди.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълумотига кўра, шеърият йўналишида алоҳида китоб шаклида “Ўзадабийнашр” томонидан “Шинжон шоирлари ижодидан” номли китоб 1967 йил А.Раҳмат, У.Маматохунов, 1962 йил Ли Юннинг “Ипак йўли” асари, 1968 йил Го Мо-Жонинг “Танланган шеърлар”и Азиз Абдураззоқ таржимасида чоп этилган.

Насрда Чжао Шулининг “Танланган асарлар”и 1955 йил Т.Ҳасанов, С.Аминов, Мао Дуннинг “Ҳикоялар”и “Ўздавнашр”да, Чжоу Ли-Бонинг “Довул” романи М.Алиев, Г.Абдуҳафиз, Ба Сзиннинг “Оила” романи Лао Шенинг “Уйдан хат” ҳикоялар тўплами 1963 йил Ф.Насриддинов таржимасида ўқувчиларга тақдим қилинган. Ўзбек ва хитой ижодкорлари ўртасидаги адабий ҳамкорлик драматургия соҳасида ҳам самарали йўлга қўйилгани эътиборга молик. Жумладан, Хе Сзин-Чжи ва Дин Ни муаллифлигидаги 5 парда 19 кўринишли “Сочи оқарган қиз” драмаси А.Бобожон таржимасида китоб ҳолида нашр этилган. Ёш китобхонларимиз учун В.Абдуллаев ва А.Баратов “Хитой халқ эртаклари”ни, Х.Аҳророва Лу Синнинг “Қадрдон қишлоғим”, М.Жалолова Сан Шан-Фейнинг “Ўн кичкина дўстим” ҳикоялар тўпламларини, О.Шарипов Хитой халқлари афсона ва эртакларидан иборат “Аждарнинг кўзи” номли китобни, О. Жамолиддинов Хуа Шан қаламига мансуб хитой халқининг япон босқинчиларига қарши олиб борган уруши ҳақидаги ҳикояларидан иборат “Хўроз патли хат” асарини, Ҳ.Рўзиметов Чжан Тян-Ининг “Катта Лин билан кичик Лин” номли эртак-қиссасини ўзбек тилига ўгирган.

Хитой адабиётидан намуналар юртимиздаги босма адабий нашрларда ҳам мунтазам ва кенг ёритилган. Жумладан, устоз мунаққид, таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов таржимасида Чжао Унинг туркум ҳикоялари, Лю Исин ҳикоялари “Жаҳон адабиёти” журналида 1999 йил босилган. Айни пайт “Қадимги хитой насридан намуналар” Маъруф Жалил, Сунглинг Пунинг “Хитой новеллалари” Ж.Зиямуҳамедов, Чжан Жуннинг “Ёввойи оққушлар” номли ҳужжатли повести Файзи Шоҳисмоил, Сюй Ди-Шаннинг “Қайтиш” ҳикояси Л.Шоимова, Мо Яннинг “Мусаллас мамлакати” романи Амир Файзулло, Севара Алижонова, Ли Шаниннинг “Ҳикматли мансуралар”и Музаффар Аҳмад, Лю Сзуннинг “Илҳом манбаи” ҳикояси Маҳкам Маҳмудов таржимасида “Жаҳон адабиёти” журналида ўзбек китобхонларига тақдим этилган. Икки мамлакат адабий алоқалари жараёнида ўзбекистонлик адиб ва шоирларнинг кўплаб асарларини хитой тилига ўгириб, Чин юрти адабиёт мухлисларига тортиқ қилингани диққатга сазовор.  

Мустақилликдан аввалги даврда Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар”и, “Судхўрнинг ўлими” қиссаси, “Дохунда” ва “Қуллар” романлари, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним шеърлари, Ҳамид Ғуломнинг “Мангулик” романи, атоқли ижодкор Абусаид Кўчимов шеърлари хитой тилига таржима қилинган. “Мангулик” романи Хитойда ярим миллион нусхада чоп этилгани маълум. Шанхай Фанлар академияси ҳузуридаги адабиёт ва санъат илмий-тадқиқот институти ходимлари У Гочжан ва Пан Синлин Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини хитой тилига таржима қилиб, 2017 йилда нашр эттирган. Бу китобнинг бир нусхаси ҳозир Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланмоқда.

Шанхай хорижий тиллар университети қошидаги Жаҳон адабиёти институти директори Чжен Тиу 2018 йил ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошнинг бир неча ҳикоясини хитой тилига ўгирган. Қайд этиш керак, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманидаги тадқиқотчи ва таржимонлар ўзбек адабиётини ўрганиш ва уйғур тилига таржима қилишда анча фаол. Шулардан ўзбек мумтоз адабиёти тадқиқотчилари Усмон Жума, Турсун Қурбон, Абдували Карим каби ижодкорларни кўрсатиш мумкин.

Шинжон университети профессори Турсун Қурбон устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романини уйғур тилига ўгирган. Шунингдек, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи, Ғулом Каримий, Неъмат Аминов, Тоҳир Малик, Қамчибек Кенжа, Асад Дилмурод, Туроб Мақсуд, Абдунаби Бойқўзиев, Илҳом Зоир қисса ва ҳикоялари, Абдулла Орипов, Қамбар ота шеърлари ҳам уйғур тилига таржима қилинган.

2020 йил Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи хитой тилига таржима қилиниб, икки минг нусхада Хитойда чоп этилди. Ушбу китоб таржимаси Тошкент давлат шарқшунослик институтининг доимий ҳамкори – Хитойнинг Ланжоу университети чет тиллар институти доценти Ди Сяося хонимнинг икки йиллик меҳнати самарасидир. Айтиш жоиз, Ўзбекистон ва Хитой адабий доиралари ўртасидаги ҳамкорлик тобора изчил равнақ топмоқда. Бундай ривожланиш тенденцияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллий адабиётимизни янада ривожлантириш, ижодкорларга меҳр, эътибор кўрсатиш, адабий жабҳада халқаро алоқаларни янада кучайтириш, янги истиқболни белгилаш йўлида олиб борилаётган эзгу интилишларда яққол намоён бўлмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА