Хорватиянинг Загреб шаҳрида спорт курашлари бўйича нуфузли «Zagreb Open – 2026» халқаро турнири давом этмоқда.
Мусобақанинг навбатдаги куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли кечди.
Юнон-рум кураши бўйича ўтказилаётган беллашувларда вазни 67 килограммгача бўлган ҳамюртимиз Айтжан Халмахонов юксак маҳорат намойиш этди. У мусобақа давомида Миср вакили Муҳаммад Ҳасан Аҳмад Абдулраҳим, молдовалик Валентин Петиц ҳамда япониялик Кётаро Согабени мағлуб этиб, финал босқичига йўл олди.
Олтин медаль учун кечган ҳал қилувчи баҳсда А.Халмахонов грузиялик Диего Чкиквадзе билан рўбарў келди. Муросасиз кечган беллашувда полвонимиз рақиби устидан ишончли ғалабага эришиб, «Zagreb Open – 2026» турнирининг чемпионига айланди.
Шунингдек, бугун мусобақа доирасида яна бир қатор спортчиларимиз гиламга чиқади. Жумладан, 55 кг вазн тоифасида Ихтиёр Ботиров туркиялик Режеп Омер Ҳ. билан, Жасурбек Ортиқбоев эса ҳиндистонлик Лалит билан куч синашади. 60 кг вазнда Меҳрож Баҳромов қозоғистонлик Ербол Камалиевга қарши, Алишер Ғаниев эса АҚШ вакили Зан Рай Родесга қарши баҳс олиб боради.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА