Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш қай даражада?
16:35 / 2020-09-30

Мамлакатимизда бугунги кунда озиқ-овқат саноати соҳасида 12 мингдан ортиқ турли мулкчилик шаклидаги корхоналар, шу жумладан, 109 та йирик корхона фаолият кўрсатмоқда.


Мамлакатимизда бугунги кунда озиқ-овқат саноати соҳасида 12 мингдан ортиқ турли мулкчилик шаклидаги корхоналар, шу жумладан, 109 та йирик корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган йили ялпи озиқ-овқат саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 35,3 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг 6 ойида 21,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, соҳанинг саноатдаги улуши 16,7 фоизни, ялпи миллий маҳсулотдаги улуши эса 4,6 фоизни ташкил этмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Нигора Хўжаева иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Таъкидланишича, қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртачадан ҳам паст даражада бўлиб, хусусан, мева ва сабзавотларни қайта ишлашда 42 фоиз, сутни қайта ишлашда 45 фоиз ва гўштни қайта ишлашда 55 фоиз, ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 55 фоиз, ёғ маҳсулотларида 48 фоиз қувватдан фойдаланилмоқда.

Бунинг асосий сабаби — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар билан қайта ишлаш корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ташкил этилмаганлиги, шунингдек, айрим корхоналарнинг 60-70 фоиз ускуна ва жиҳозлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлигидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 9 сентябрдаги “Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлаш, инфратузилмани ташкил этиш, хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш белгилаб берилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи (ишлаб чиқарувчи) корхоналар билан ушбу маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратилиб, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделлари ишлаб чиқилади.