Ёз ойининг жазирама иссиқ кунларида салқин ичимликлар савдоси авжига чиқади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўпчилик учун чанқовбосди ҳисобланган ичимликлар аслида иссиқда саломатликка жиддий зарар етказиши эҳтимоли ҳам бор. Ҳатто иссиқ об-ҳавода энг кўп истеъмол қилинадиган оддий ичимлик совуқ сув ҳам зарарли бўлиши мумкин.
Айниқса, йўл юзасида жойлашган, жойлари ва фойдаланаётган анжомлари ҳам талабга жавоб бермайдиган айрон, гўжа, қумрон, ўрик шарбати каби салқин ва чанқоқни қондирувчи ичимликлар бизга қанчалик маъқул келмасин, у танамиз учун зарарли хусусиятга эга.
Муздек ичимликлар ички тана аъзоларини совутиб, тана сиртида қон айланишини тезлаштиради ва бунинг оқибатида ҳарорат кўтарилиб кетади. Янги сиқилган шарбатларни тез-тез қабул қилиш эмаль эрозиясини келтириб чиқариши мумкин. Чунки уларнинг таркибида кислота миқдори юқори. Тишлар ушбу касалликка дучор бўлганида кариес тез ривожланади.

Тўғри, айрон чанқоқни босади, ёз ойларида, ҳарорат кўтарилганида яхши ичимлик. Қон босими кўтарилиши ва ошишини пасайтиради.
Ўрганишларга кўра, кўчаларда ўрик, лимон шарбати, ҳар хил коктейллар, айрон, гўжа, сомса, тандир нон ва шу каби маҳсулот сотувчиларида маҳсулот тайёрлаш, кўчада сотиш учун ҳеч қандай рухсат, ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Маҳлиё Маҳмудова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасига мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналар унинг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар талабларига мослиги баҳоланганидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, реализация қилиниши ва ишлатилиши мумкин.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, рухсат этилмаган катта йўл ёқалари, нотурғун жойларда барча турдаги маҳсулотларни, жумладан, уй шароитида тайёрланган салқин ичимликлар, бочкалардаги морслар, фрейзерда қуйиб бериладиган музқаймоқлар қатъиян ман этилади.
Қонунчиликка кўра, истеъмолчи товар ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товарни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини ҳамда товарнинг хавфсиз бўлишини талаб қилишга ҳақли.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА