Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Термиз шаҳридаги 18- умумтаълим мактаби ўқувчилари учун мамлакатимизни қўшни Афғонистон билан боғлайдиган “Айритом” чегара божхона постига “Очиқ эшиклар куни” ташкил этди.
Мазкур таълим муассасасини вилоят божхона бошқармаси оталиққа олган. Улар ўқув йили давомида ўқувчиларга божхона соҳаси ҳақида турли дарс машғулотларини ўтказди. Қизиқарли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари уюштирди. “Очиқ эшиклар куни” да иштирокчиларга “Айритом” чегара божхона постида мавжуд божхона назоратининг замонавий техник воситалари ва уларнинг ишлаш жараёнлари намойиш этилди. Ўқувчилар божхона постида фуқаролар учун “VIP”, кириш ҳамда чиқиш залидаги рентген-сканер ускуналари, “Ягона дарча” маркази, “Назорат” маркази, автотранспорт воситаларини самарали сканер қилувчи “Z- portal” ва инсон танасини зарарсиз божхона назоратидан ўтказувчи “Body scan” қурилмалари билан яқиндан танишди. Фуқаролар ва автотранспорт воситаларининг ҳаракат ҳамда божхона расмийлаштирувларини катта қизиқиш билан кузатиб, мазкур жараёнда бевосита қатнашиб кўрди.



–Ўқув йили давомида божхоначи акаларимиз мактабимизда бўлиб, биз учун қизиқарли машғулотлар ўтказди, – дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Қаюмов. – Икки мамлакат чегарасидаги божхона постида бўлишимиз бизнинг соҳа ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитди. Бу ердаги замонавий назорат воситалари ва мард, жасур божхона ходимларининг хизмат жараёнларини кузатиб, менда ҳам келажакда божхона сафларида хизмат қилиш иштиёқи пайдо бўлди. Албатта, бу орзуимни амалга ошириш учун янада кўпроқ ўқиб, жисмонан тобланаман. Божхона институтига ўқишга кириб, шу касб этагидан маҳкам тутаман. Катта бўлсам Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан.
Ўқув йили якунланиши арафасида уюштирилган тадбир ўқувчи-ёшларда бой таассурот ўйғотди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири