Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Айрим талабаларнинг сохта ҳужжатлар билан олий таълим ташкилотларига қабул қилингани тўғрисидаги хабарлар асослими?
17:39 / 2025-07-30

Жорий йил 14 июлдан 2025/2026 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларига старт берилди. Тест синовларида 671 минг 397 нафар абитуриент иштирок этди. Имтиҳонлар 10 кун давомида 2 сменада ташкил қилинди. Белгиланган тартибга кўра, абитуриентлар тегишли биноларга келиб, махсус текширувлардан ўтди ва имтиҳон хоналарида тест жараёнида қатнашган.

Тест синовларидаги ҳар бир босқич қатъий назорат остида ташкил этилган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда айрим талабаларнинг сохта ҳужжатлар асосида олий таълим ташкилотларига қабул қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, HEMIS тизими орқали ҳар бир талабанинг қабул қилиниши, ўқиётган йўналиши ва курси аниқ қайд этилади. Хориждан ўқишини кўчиришда эса фақат расмий ҳужжатлар асосида, ўқув режалари солиштирилиб, ректор буйруғи билан қабул амалга оширилади. Бу жараён электрон тизимда тўлиқ ва шаффоф юритилади, асоссиз маълумотлар киритилмайди.

Қайд этилишича, ҳозирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мазкур масала юзасидан текширув олиб борилмоқда. Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиб, жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА