Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари тузилиши соҳасида, хусусан, янги туманлар ва шаҳарлар ташкил этиш, шунингдек, уларнинг чегараларини ўзгартириш билан боғлиқ маъмурий ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижасида тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар бўйича тадбиркорлик субъектларининг белгиланган миқдорда давлат божини тўлаган ҳолда қайта давлат рўйхатидан ўтишлари уларда бир қанча ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.
Шу боис “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига янги маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилиши ёки тугатилиши, уларнинг чегаралари ёки бўйсунуви ўзгариши натижасида айрим тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахсларни тегишли давлат божидан озод этган ҳолда қайта давлат рўйхатидан ўтказилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 15-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш хақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилинди.
Мунозаралар давомида фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирди.
Хусусан, фракция аъзоси Ғайрат Абдиев лойиҳада назарда тутилаётган янгиликлар ЎзЛиДеП электорати бўлган тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини алоҳида қайд этди. Унинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилиши ёки уларнинг чегаралари ўзгариши натижасида айрим тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахсларни тегишли давлат божидан озод этган ҳолда қайта давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.
Шунингдек, йиғилишда бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА