Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Айрим тадбиркорлик субъектлари монополияга қарши тартибга солишдан озод этилади
14:25 / 2022-12-01

Рақобат йўқ жойда ривожланиш бўлмайди. Дарҳақиқат, иқтисодий жараёнларда рақобат муҳити яратилмаса, монополлашув даражаси ортиб бораверади.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълум қилишича, бугунги кунда янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисидаги» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва унда «Рақобат тўғрисида»ги, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунлар бирлаштирилди ҳамда рақобат муҳитини шакллантириш, таъминлашнинг мутлақо янги мезонлар ишлаб чиқилди.  

Унга кўра, мавжуд маъмурий юкни қисқартириш мақсадида кичик бизнес субъектлари, яъни товар айланмаси 3 миллиард сўмдан кичик бўлган тадбиркорлар монополияга қарши тартибга солишдан озод этилмоқда.  

Бундан ташқари, рақобат ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонунлар бирлаштирилиб, табиий монополияларни аниқ мезонлари асосида белгилаш ёндашувига ўтказилмоқда ва амалдаги «табиий монополиялар соҳалари рўйхатини белгилаш» принципидан воз кечилмоқда.  

Бу эса табиий монополия соҳаларидан рақобатни ривожлантириш мумкин бўлган бозорларни ажратиб олишга ёрдам беради. Шу билан бирга, товар ва хизматлар бозорларида устун мавқени аниқлаш мезонлари қайта кўриб чиқилмоқда. Маъмурий юкни қисқартириш мақсадида бозор иштирокчилари ҳисобланган устун мавқега эга корхоналар ва табиий монополия субъектлари томонидан турли ҳисобот ва маълумотларни мажбурий тақдим этиш шарти бекор қилинмоқда.  

Энг муҳими, кичик ва ўрта бизнес субъектларига нисбатан маъмурий юкни қисқартириш мақсадида олдиндан розилик олиш талаб қилинадиган иқтисодий концентрация, яъни корхоналарнинг қўшилиши, қўшиб олиниши ҳамда акция (улушларни) олиш ва бошқалар) битимлари қиймати 5 бараварга ошириляпти. Содда қилиб айтганда, амалдаги 30 миллиард сўмдан 150 миллиард сўмгача, яъни назорат фақат рақобатга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган йирик корхоналарга нисбатан татбиқ қилиниши белгиланмоқда.  

Яна бир маълумот, монополияга қарши комплаенс каби янги институтлар киритилмоқда. Рақамли платформаларнинг устун мавқени белгилаш ва уларга нисбатан монополияга қарши талаблар белгилаш назарда тутилмоқда.  

Шу билан бирга, «Картель келишувларининг» иқтисодиётга ва жамиятга зарарлари, оқибатлари оғирлигини инобатга олиб, жаҳон амалиётида уларга нисбатан қўлланиладиган “per se” қоидасини киритиш, яъни бундай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги принципи киритилмоқда.  

Энг муҳими, эндиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳаларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш белгиланмоқда. Шу билан бирга, имтиёз ва преференциялар тарзидаги давлат кўмаги кўринишлари, уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талаблар белгиланмоқда.  

Бундан ташқари, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш мақсадида давлатнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига йўл қўйилмаслигининг аниқ мезонлари белгилаб қўйилмоқда. Рақобат тўғрисидаги қонун доирасига нафақат танлов ва тендер, балки аукцион ва бошқа турдаги савдоларда рақобатни чеклаш ҳаракатларига барҳам бериш чоралари кўзда тутилмоқда.  

– Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий жарималар белгиланмоқда ҳамда айрим ҳуқуқбузарликлар учун амалда мавжуд маъмурий жарималар миқдорлари оширилмоқда (амалда БҲМнинг 3-5 баравари бўлса, лойиҳада БҲМнинг 10-20 бараваригача ошириш таклиф этилмоқда) ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши учун жавобгарлик белгиланмоқда, – дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси департамент директори Мирзоҳид Комилов. — Қонун лойиҳаси биринчи навбатда йирик монополияларнинг бозор ҳукмронлигини самарали тийиб туриш, тадбиркорларни ва янги иштирокчиларнинг  бозорларга эркин киришини таъминлаш, иқтисодий ўсиш учун қўшимча захира сифатида рақобатни тўлиқ ҳимоялашни мақсад қилиб қўйган.  

Бир сўз билан айтганда, соғлом рақобат муҳитини таъминлаш иқтисодиётнинг муҳим «ўсиш нуқтаси» ҳисобланади. Ушбу йўналишдаги ислоҳотлар барқарор равишда давом эттирилади.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА