Хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари шунча саъй-ҳаракатларга, Қорақалпоғистонга ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганини қайд этди.
–Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар “халқни рози қилиш” деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган, – деди Президент.
Бугунги кунда ҳам аҳоли ўртасида ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби муаммолар юзасидан билдирилаётган шикоятлар юқорилигича қолмоқда.
Аслида, 2 ой олдинги воқеалар негизида ҳам аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди.
– Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга халол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда, – деди Президент.
ЎзА