Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Айрим қонун лойиҳалари кун тартибидан чиқарилди — депутатлар нега бундай қарорга келди?
09:24 / 2022-09-21

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган айрим қонун лойиҳалари депутатларнинг қатор эътироз ва саволларидан сўнг мажлис кун тартибидан чиқарилди, биттаси эса масъул қўмитага қайтарилди.

“Давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мамлакатимизга беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан ҳақ эвазига фойдаланиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норма киритилмоқда.

Шунингдек, молия органларининг акциз солиғи тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши ҳамда акциз тўланадиган айрим турдаги товарларнинг акциз маркалари билан тўлиқ тамғаланиши ва олинган акциз маркалари сонининг ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмига мувофиқлиги устидан назорат қилиш ваколати чиқариб ташланмоқда.  

Мажлисда халқ вакиллари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан ҳақ эвазига фойдаланиш масаласига эътироз билдирдилар. Бу борада ҳудудларда дуч келинаётган қатор мисоллар айтилиб, тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланишда қийинчилик ва муаммолар юзага келиши мумкинлиги таъкидланди. Шу ҳужжатни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклифлар илгари сурилди. Узоқ давом этган баҳс-мунозалардан сўнг қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди.   

[gallery-8849]

Бундан ташқари,“Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кун тартибидан чиқарилди.  

Қонунга мувофиқ, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар наркология муассасаларининг, наркологик касалликка чалинган шахс оила аъзоларининг ёки қариндошларининг илтимосномалари асосида ички ишлар органлари томонидан тайёрланади ва расмийлаштирилади.

Аммо фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузиш, психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатларини барвақт олдини олиш мақсадида наркологик касалликка чалинган шахсни ички ишлар органлари ходимларининг ҳам ташаббусига кўра мажбурий даволашга йўналтириш ваколати берилмоқда.   

Мажлисда халқ вакиллари лойиҳанинг айрим ноаниқ, саволли жиҳатларини айтиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор асосли таклифлар бердилар. Жумладан, наркологик касалликка чалинган шахсни ички ишлар органлари ходимлари мажбурий даволашга йўналтириши учун касалнинг қариндошлари ёхуд ота-онасининг розилиги олинадими-йўқми каби саволларга аниқ жавоб белгиланиши айтилди.   

Мажлисда муҳокама қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига кўра, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга “гендер аудит”ва “комплекс гендер ёндашув”ни гендер тенгликни таъминлашнинг янги механизмлари сифатида киритиш, шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, “гендер аудитнинг вазифалари” ва “гендер аудитни ўтказиш тартиби”ни махсус моддаларда белгилаш таклиф этилмоқда.  

Лойиҳани моддама-модда муҳокама қилиш давомида айрим нормалар бўйича асосли саволлар кўтарилди. Билдирилган фикрлар инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.  
 
 

Муҳтарама Комилова, 
ЎзА