Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг фаолияти ислоҳ қилиниб, жамоат тартибини сақлаш ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир ваколатларини кенгайтириш мақсадида “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.
Айни пайтда мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокамадан ўтказилмоқда. Бу ҳақда қуйи палата масъул қўмитаси вакили қуйидагиларни таъкидлади:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 24 август куни ўтказилган йиғилишда ички ишлар органлари тизимида экология соҳасида назоратни амалга оширувчи ихтисослаштирилган бўлинмаларни ташкил этиш ҳамда уларнинг зиммасига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, жумладан, дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, чиқиндиларни ноқонуний ташлаш каби ҳолатларга қарши курашиш вазифаларини юклатишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Таваккал Чориев. – Шу асосида ишлаб чиқилган “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси масъул идораларнинг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги ваколатларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Зеро, бугун аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш бўйича вужудга келаётган муаммолар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини янги даражага кўтариш ҳамда масъул давлат органларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича вазифа ва ваколатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар тузиш ваколатлари ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарияти, профилактика инспекторлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига берилгани сабабли патруль-пост хизмати ходимлари ўзи аниқлаган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқбузарни мажбурий тартибда ички ишлар органига ёки таянч пунктига келтириб, билдирги орқали ваколатли мансабдор шахсга топшириши амалиёти жорий қилинган.
Ҳозирги кунда Миллий гвардия органларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 6 та моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённома расмийлаштириш ва тегишли судга юбориш ваколати берилган. Миллий гвардия органларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш (баённома тузиш) ваколати берилмагани туфайли аниқланган ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга ҳал этиш учун юборилмоқда.
Шу жиҳатдан ушбу қонун лойиҳасида ички ишлар органларининг масъулиятини ошириш, уларнинг хизмат самарадорлигини кучайтириш мақсадида ички ишлар бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ёки бошлиқ ўринбосарларига қўшимча равишда 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш, профилактика инспекторларига қўшимча равишда 10 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, патруль-пост хизмати ходимларига 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш, Миллий гвардия органлари ходимларига қўшимча равишда 13 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ҳамда 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш ваколати берилиши назарда тутилмоқда.
Қўмита томонидан мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъул ходимлари иштирокида семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар ўрганилмоқда ва шу асосида лойиҳани маромига етказиш ишлари кетмоқда, – дейди депутат.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА