Айрим олий таълим йўналишларида тест синови топшириладиган фанлар мажмуасига “Математика” мажбурий фан сифатида киритилди
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуасига “Математика” фани мажбурий фан сифатида киритилди.
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуасига “Математика” фани мажбурий фан сифатида киритилди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режасида бу қайд этилган.
Шу сабабли, ўқувчиларга математика фанини чуқурроқ ўргатиш мақсадида 10-синфда “Алгебра” фанига ҳафтасига 1 соат қўшиб берилди ва ушбу фаннинг ҳафталик ўқув соати миқдори 3 соатга келтирилди.
Вазирлик ахборот хизмати хабарида қайд этилишича, жорий йилда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилиш, бу соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилиши режалаштирилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 5-6-синфларда “Информатика ва ахборот технологиялари” фанига ҳафтасига 0,5 соатдан қўшиб берилди ва уларнинг ҳафталик ўқув соатлари миқдори 1 соатга келтирилди.
Бу орқали ўқувчиларнинг халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этишига тайёргарлик кўриш мақсад қилинган.
Шунингдек, ўқувчиларга STEAM таълими йўналишидаги фанларни чуқурроқ ўргатиш мақсадида 10-11-синфларда “Кимё” ва “Биология” фанларига 1 соатдан қўшиб берилди ва уларнинг ҳафталик ўқув соатлари миқдори 3 соатга келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг 8-бандида “Бир-бири билан узвий боғлиқ бўлмаган фанлар асосида тузилган ўқув дастуридан босқичма-босқич воз кечиш ва ўқув фанлари сонини оптималлаштириш” вазифаси белгиланган.
Шу муносабат билан, “География”, “Иқтисодий билим асослари”, “Тадбиркорлик асослари” фанларини бирлаштирган ҳолда, ягона “География ва иқтисодиёт” фани киритилди. Бу орқали ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва Халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларда Ўзбекистон Республикасининг муваффақиятли иштирок этишига тайёргарлик кўриш мақсад қилинган. Шунингдек, PISA (The Programme for International Student Assessment) халқаро баҳолаш дастурида ўқувчиларнинг молиявий саводхонлик даражаси баҳоланиши назарда тутилган.