"Айрим ҳокимлар ўз сўзини ўтказиш учун беадаб сўзлар билан уришаётганини эшитиб, ҳайрон қоламан"
Ўша куни Жалақудуқ туманига республикамиз раҳбари Шароф Рашидов келди. Мени кўриб, ёнига чақирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони 12 йил туман ҳокими лавозимида фаолият юритган Манзура Эгамовадир. У Жалақудуқ туманида кўп фарзандли оилада дунёга келган. Отаси Иминжон Норматов бир умр жамоа хўжалигида агрономлик қилган.
Онаси Кимёхон опа уй бекаси бўлган ва болалар тарбияси билан шуғулланган. Манзура оилада ўғил фарзандлар орасида ёлғиз қиз эди. У мактабни битиргач, ёшлар пахта бригадасига етакчилик қилди. Бир йилдан сўнг Андижон пахтачилик институтининг агрономия факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Сўнгра жамоа хўжалигида иқтисодчи лавозимида ишлайдиган Роҳиддин Эгамов билан турмуш қуришди. Ёш оилада бирин-кетин фарзандлар дунёга келди.
– 1972 йил 26 октябрь куни кутилмаганда қор ёғиб қолди, – эслайди Манзура опа. – Унча-мунча эмас, нақ ярим метр бўйи кўтарилди. Ҳали пахтаси терилмаган майдонларимиз қолганди. Мен ожизликдан йиғлардим, негаки, биз, ёшлар ҳар бир гектар ердан 40 центнердан пахта ҳосилини йиғиб олишни режалаштиргандик...
Ўша куни Жалақудуқ туманига республикамиз раҳбари Шароф Рашидов келди. Мени кўриб, ёнига чақирди.
– Нега йиғлаяпсан, қизим? – деб сўради.
Мен чидаб тура олмадим ва унга кўзимда ёш билан режаларимиз ҳақида сўзлаб бердим.
– Йиғлама, қизим, – деди у оталарча меҳр билан. – Қор бир-икки кунда эриб кетади, ўша 40 центнер пахтани, албатта, териб оласан.
Мазкур учрашув бир умр хотирамда муҳрланиб қолди.
Орадан бир қанча вақт ўтганидан сўнг серғайрат Манзурани жамоа хўжалигининг касаба уюшмаси ташкилоти раиси этиб сайлашди. У дипломли мутахассис бўлганидан кейин пилла етиштириш бўйича агроном вазифасида ишлади.
Сўнгра олис чўл ҳудудидаги Бўз тумани ижроия қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритди. Манзура Эгамова икки йил Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари, кейинчалик 1993 йилдан 2005 йилгача мазкур туман ҳокими сифатида аҳолига хизмат қилди. У раҳбар этиб тайинлангунига қадар туманда пахта, буғдой ва пилла етиштириш бўйича белгиланган режа камдан-кам ҳолларда бажариларди. Лавҳамиз қаҳрамони ишга киришгач, Жалақудуқ тумани барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича етакчи ҳудудга айланди.
Манзура опа пенсияга чиқишдан олдин уч йил хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари бўлиб ишлади. Кейинчалик ҳам уйида ишсиз ўтира олмади, туман ҳаётида фаол иштирок этди. Яқинда уни Андижон вилояти кенгашига депутат қилиб сайлашди. Бундан ташқари, М. Эгамова вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича жамоатчилик вакили сифатида туманда фаолият олиб боради.
Манзура опа ҳаёти давомида ҳамма нарсага ҳам осонликча эришмаган. Катта ўғли Баҳриддин 18 ёшида оққон касаллигига чалиниб, вафот этган. Фарзанд доғига чидай олмаган турмуш ўртоғи Роҳиддин ака ҳам миокард инфаркти туфайли бу дунёни тарк этган. Манзура опа қолган фарзандлари – қизи Гулнорахон, ўғиллари Баҳромжон ва Зуҳриддинни ўзи оёққа турғазиб, уларнинг олий маълумотли бўлиши учун имкон қадар ҳаракат қилди. Бугун қаҳрамонимиз фарзандлари ардоғида, 7 набира ва 4 эвара даврасида кексалик гаштини сурмоқда.
70 ёш остонасида турган Манзура опа ҳамон тетик-бардам, куч-ғайратга тўла. Ҳар куни велотренажёрда машқ қилади, об-ҳаво қандай бўлмасин, камида уч чақирим яёв юришни канда қилмайди.
– Мен ишсиз ўтира олмайман, – дейди у. – Ҳаракатсиз хаста бўлиб қоламан. 12 йил Жалақудуқ тумани ҳокими лавозимида ишлаб, ҳеч қачон ҳеч кимга овозимни баландлатмадим. У хоҳ илғор механизатор, хоҳ қолоқ бригадир бўлсин, ҳар бир меҳнаткашнинг қалбига йўл топа олардим. Одамлар ҳам мени тушунар, панд бермасликка ҳаракат қилишарди. Ҳозирги айрим ҳокимлар ўз сўзини ўтказиш учун фермерларни беадаб сўзлар билан уришаётганини эшитиб, беихтиёр ҳайрон қоламан. Ахир, бу самарали тарбия усули бўла олмайди. Бугунги кунда ўз ҳуқуқларини англаб етаётган халқ таёқ остида ишламайди. Бундай раҳбарларга қарата: “Одамларга ҳурмат билан муносабатда бўлинг, фақат шундагина керакли натижаларга эришасиз”, дегим келади. Агар имкон берилганида, яна ўн йил ҳоким бўлиб ишлаган бўлардим.
Манзура опа бенуқсон фаолият йиллари давомида кўплаб шогирдларни тарбиялади. Жалақудуқ тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Маликахон Юсупова, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти бўлинмаси раҳбари Садбархон Мамитова, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Зокиржон Давронов, ўринбосари Араббой Абдураҳимов, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Тўхтаохунов, “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раиси Ўктамжон Охунов шулар жумласидандир. Туман фермерларига келсак, уларнинг аксарият қисми ўзини Манзура Эгамованинг шогирди деб ҳисоблайди.
Қаҳрамонимизнинг кўп йиллик самарали меҳнати муносиб баҳоланиб, “Фидокорона хизматлари учун” ордени ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланган, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган.
Борис КЛЕЙМАН
Манба: Postda.uz